18:49 / 05.04.2023
22730

Суд Sof.uz нашридан «Anorbank» фойдасига 3,7 млрд сўм ундириш тўғрисида қарор чиқарди

«Anorbank» Sof.uz томонидан эълон қилинган видеоматериал учун нашрни судга бериб, 10 миллиард сўм моддий ва 5 миллиард сўм маънавий зарар ундиришни сўраётганди. Суд sof.uz нашрига банк фойдасига 3,7 млрд сўм миқдорида зарар тўлашга қарор чиқарди.

Фото: Anorbank

Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар «Anorbank» АЖ ва жавобгар «Komil unsur» МЧЖ («Sof.uz» интернет нашри) ўртасида кўрилаётган иқтисодий низо якунига етди.

«Anorbank» матбуот хизмати маълум қилишича, Тошкент туманлараро иқтисодий судида «Sof.uz» веб-сайти томонидан «Anorbank» АЖнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилгани натижасида банкка етказилган зарарни веб-сайт муассиси «Komil unsur» МЧЖ ҳисобидан ундириш тўғрисидаги даъво билан боғлиқ иқтисодий иш бўйича суд мажлиси якунланган.

Таъкидланишича, суд қарори бўйича «Komil unsur» МЧЖ ҳисобидан «Anorbank» АЖ фойдасига инфоҳужум оқибатида банк томонидан амалга оширилган 3,7 млрд сўм миқдорида ҳақиқий зарар суммасини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

«Биз ҳар қандай журналистик текширувлар холисона, банк соҳаси мутахассислари ва экспертларининг тегишли фикр-мулоҳазалари ва хулосаларини инобатга олган ҳолда олиб борилиши лозимлиги ҳақидаги позициямизни алоҳида таъкидлаймиз. «Sof.uz» веб-сайти томонидан банк ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган, банкнинг фикри олинмаган сохта ахборотлар тарқатилиши оқибатида ушбу низо юзага келган эди», дейилади банк хабарида.

Банк ОАВ, журналистлар ҳамжамияти ва блогерлар билан профессионал, ўзаро манфаатли ва очиқ муносабатларга содиқлигини тасдиқлаб, улар билан доимо мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини сақлашга ҳаракат қилишини қайд этган.

«Anorbank ўзининг бизнес имижига, акциядорлар, ходимлар обрўсига ва жамоатчилик фикрига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қарайди. Банк бундан кейин ҳам республикамиз ахборот маконида ўз брендини қўллаб-қувватлаш ва турли ахборот хуружларидан ҳимояланишга эътиборини қаратади», дейилади хабарда.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати ҳам «Anorbank» ва «Sof.uz» ўртасидаги низони кўриб чиқиш бўйича суд жараёни юзасидан маълумот берган.

«Даъвогар “Anorbank” акциядорлик жамиятининг жавобгар “Komil unsur” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан талаблари бўйича жавобгарга нисбатан Sof.uz интернет-нашрига тегишли веб-сайт ва Telegram-каналида банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга банкнинг раддиясини чиқариш, YouTube видеоҳостингидаги каналида раддияни эфирга бериш мажбуриятини юклаш талабидан даъвогар воз кечганлигини инобатга олиб, мазкур талаб бўйича иш юритиш тугатилди.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар “Komil unsur” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 3 721 211 678,85 сўм етказилган ҳақиқий зарар “Anorbank” акциядорлик жамиятининг фойдасига ундирилиши белгиланди», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, «Anorbank» АЖнинг жавобгардан 6 278 788 321,15 сўм ололмай қолинган даромад ва 5 000 000 000 сўм ишчанлик обрўсига путур етказилган учун маънавий зарарни ундириш талаби рад этилган.

Шунингдек, суд ҳаражатлари мутаносиб равишда ундирилиши белгиланган.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳал қилув қарори устидан бир ойлик муддат ичида апелляция тартибида шикоят (протест) қилиниши мумкинлиги маълум қилинган.

  • Эслатиб ўтамиз, даъвогар «Anorbank» АЖ жавобгар «Komil unsur» МЧЖдан тегишли веб-сайт ва Telegram-каналида банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга банкнинг раддиясини чиқариш, You Tube-каналида раддияни эфирга бериш мажбуриятини юклаш хамда 10 млрд сўм ололмай қолинган даромад ҳамда ишчанлик обрўсига путур етказилгани учун 5 млрд сўм маънавий зарар ундиришни сўраган эди. Суд жараёни 2022 йилнинг ноябрида бошланганди.
Top