Жаҳон | 10:03 / 14.04.2023
4550
2 дақиқада ўқилади

HRW Херсонда Россия оккупацияси пайтидаги қийноққа солиш хоналари ҳақида хабар берди

Россия қўшинлари Херсон ва унинг атрофидаги аҳолини 2022 йилнинг мартидан ноябригача қийноққа солган, деб ёзади Human Rights Watch.

Россия қўшинлари 2022 йилнинг мартидан ноябригача бўлган оккупация даврида Херсон ва унинг атрофидаги аҳолини ноқонуний ҳибсга олган ва қийноққа солган. Бу ҳақда 13 апрель, пайшанба куни Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

Жабрланувчилар ва уларнинг оила аъзолари HRW'га Теплоэнергетик кўчасидаги тергов изоляторида, шунингдек, Перекопская кўчасидаги тергов изоляторида ҳамда шаҳар ҳокимлиги биносидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида, қишлоқ мактабидаги қийноқлар ва бошқа зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапириб беришди. 

Гап таёқ ва резина дубинкалар билан қаттиқ уриш, электр токи уриши, ўлим ёки жароҳат етказиш билан таҳдид қилиш, қамоқда сақлаш вақтида оғриқли ҳолатни қўллаш ҳақида кетяпти. Шу билан бирга, одамларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

«Ушбу даҳшатли ҳаракатлар учун жавобгарлар жазосиз қолмаслиги керак, қурбонлар ва уларнинг оилаларига азоб-уқубатлари учун товон тўланиши ва бедарак йўқолганлар ҳақида маълумот берилиши керак», деди Юлия Горбунова, Human Rights Watch'нинг Украина бўйича катта тадқиқотчиси.

HRW 2022 йил 11 ноябрда Россия қўшинлари минтақа катта қисмидан олиб чиқилгунига қадар Херсон вилоятининг Россия томонидан босиб олиниши даврида тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани ҳақида гапирган 34 киши билан суҳбатлашди. Ўн икки собиқ маҳбус ва уларнинг оилаларининг ўн аъзоси қийноқларга дучор бўлганликлари ёки бошқа маҳбуслар қийноққа солинганига гувоҳ бўлганликлари, натижада уч кишининг ўлими юз бергани ҳақида хабар қилишди. Аввалроқ, вилоят аҳолиси оккупация дастлабки ойларидаёқ қийноқлар ҳақида экспертларга айтишганди.

Мавзуга оид