Жаҳон | 13:32 / 12.01.2024
4870
4 дақиқада ўқилади

HRW инсон ҳуқуқлари бузилишини танқид қилишдаги икки хил стандартларни қоралади

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, ҳокимият қонунбузарликларга эътибор бермаса, инсон ҳуқуқлари хавф остида қолади. Россия ҳақида гапирар экан, улар ҳокимиятни ўзгача фикрловчиларга қарши репрессиялари, оммавий ахборот воситаларига босимлари, журналистларнинг ҳибсга олинишини қоралайди.

Фото: AP

Дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларнинг расмийлари кучли босим остида қолган фундаментал ҳуқуқларни ҳимоя қила олмади. Бу ҳақда Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 11 январ, пайшанба куни чоп этилган 2023 йилги ҳисоботида айтилади. Ташкилот, шунингдек, айрим ҳукуматларнинг инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралашдаги «икки томонлама стандартлар»ини танқид қилди.

Россия: урушга қарши позиция учун қаттиқ жазо

Ҳисоботнинг Россияга бағишланган қисмида мамлакат расмийлари 2023 йилда ўзгача фикрловчиларга қарши репрессияларни янада кучайтиргани айтилади. Хусусан, ташкилот Украинадаги урушга қарши чиққанлик учун қаттиқроқ жазо берила бошланганига ишора қилмоқда. Бунинг учун Россия ҳукумати узоқ муддатли қамоқ жазоси назарда тутилган рус армиясини «обрўсизлантириш» ва «фейклар» деб аталган айбловлардан фойдаланган.

Ҳисоботда армия ҳақидаги «фейклар» моддаси билан саккиз ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган мухолифатчи Иля Яшин ҳамда давлатга хиёнатда айбланиб 25 йилга қамалган Владимир Кара-Мурза тилга олинган.

HRW, шунингдек, Ҳаагадаги халқаро жиноий суд томонидан 2023 йил март ойида болалар масалалари бўйича вакил Лвова-Беловани ҳибсга олиш учун ордер берилганини эслатди. У Украинанинг Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган вилоятларидан украиналик болаларни ноқонуний олиб чиқишда гумон қилинмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йили Кремл мустақил матбуотга босим ўтказган. «Дождь» телеканали, «Медуза», «Проект» ва «Новая Газета Европа» нашрлари «номақбул» ташкилотлар деб эълон қилинди, дейилади хабарда.

Россияда журналистлар ҳам таъқибга учраган. Хусусан, март ойида Американинг The Wall Street Journal нашри ходими Эван Гершкович қўлга олиниб, жосусликда айбланди ва «Лефортово» тергов изоляторига жойлаштирилди. Кузда журналист Алса Курмашева аввалига «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунчиликка риоя қилмаганликда, кейинроқ эса Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатганликда айбланиб, қўлга олинган.

Бир қатор жиддий инқирозлар

Ҳукуматлар қонунбузарликларни бартараф қилмаса, инсон ҳуқуқлари тизими хавф остида қолади, деди HRW ижрочи директори Тирана Ҳассан. Ҳар сафар бунинг учун нарх тўлашга тўғри келяпти, «баъзида бу нарх - инсон ҳаётидир».

Ўтган йил янги тарихдаги бир қатор оғир инқирозлар, хусусан, Украина ҳамда Исроил ва ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги урушлар, Бирма ва Саҳел минтақасидаги можаролар билан эсда қолди, деб таъкидлади HRW. Ҳисобот дунёнинг 100 га яқин давлатидаги инсон ҳуқуқлари аҳволини акс эттиради.

HRW икки хил стандартларни қоралади

HRW маълум қилган муаммолардан бири шундаки, ҳукуматлар буни фақат алоҳида ҳолатларда талаб қилганда, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтларга ишонч пасаяди. Шу тариқа, икки томонлама стандартлар жаҳон ҳамжамияти Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қоралаб, Хитой ҳаракатларини эътиборсиз қолдирганида намоён бўляпти, дея қайд этади ташкилот. Шу билан бирга, HRW кўплаб давлатлар расмийлари ҲАМАСни қоралаётгани, бироқ Исроилни танқид қилишда вазминлик кўрсатаётганини қоралади.

Германияга бағишланган бўлимда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташқи сиёсатнинг асосий тамойилларидан бири эканлиги таъкидланган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, бу тамойил кўпинча бошқа манфаатларга бўйсундирилади. Мисол тариқасида HRW Исроилга ҳарбий ёрдам ва Форс кўрфази монархиялари билан ҳамкорлик кучайтирилганини келтиради. Ҳисоботда Германия бошқа давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришда инсон ҳуқуқлари масалаларига жуда кам эътибор қаратаётгани таъкидланади. Шу тариқа, канцлер Олаф Шолц Ҳиндистонга ташрифи чоғида бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига урғу бермади, дея танқид қилган ташкилот.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид