Жамият | 00:08 / 19.04.2023
88698
2 дақиқада ўқилади

Рамазон ҳайити шанба куни бошланиши мумкин – астрономлар 

Абу-Даби Халқаро астрономия маркази хабарига кўра, пайшанба куни янги Ойни фақат Ғарбий Африканинг баъзи ҳудудларида телескоп орқали кўриш мумкин бўлади.

Фото: Kun.uz

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари астрономларининг фикрича, Ийд ал-Фитр (Рўза) ҳайити шанба куни (22 апрель) бошланиши мумкин, чунки янги Ой пайшанба куни эмас, жума оқшомида кўриниши кутилмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Ислом арконларига кўра, Рамазон ойининг бошланиши ва якунланиши янги Ой кўринишига қараб аниқланади.

Техник жиҳатдан Ой пайшанба оқшомида осмонда пайдо бўлади, бироқ у қуёш нурлари билан ёритилмайди ва уни махсус жиҳозларсиз кўриш қийин бўлади, деди Жидда Астрономия жамияти ходими Мажид Абу Заҳро. Унинг сўзларига кўра, жума куни кечқурун «осмон мусаффо бўлса, Ойни оддий кўз билан кўриш жуда осон» бўлади.

Бироқ, агар гувоҳлар пайшанба куни янги Ойни кўрганини айтишса, жума куни Рамазон ҳайити бошланиши деб эълон қилиши мумкин.

Аввалроқ Саудия Арабистони Олий суди қироллик халқини пайшанба оқшомида Рамазон ойи тугашини билдирувчи янги Ойни кўришга ҳаракат қилишга чақирган эди.

Абу-Даби Халқаро астрономия маркази хабарига кўра, пайшанба куни Ой ислом оламининг ҳеч бир жойидан кўринмайди. Фақат Ғарбий Африканинг баъзи қисмларида, махсус телескоп ёрдамида уни кўриш мумкин бўлади.

Марказнинг қўшимча қилишича, астрономик шароитлар Ойни пайшанба оқшомида кўриш мумкин эмаслигини кўрсатса-да, расмийлар гувоҳларнинг кўрсатмасини қабул қилиб, Рамазон ҳайити жума куни бошланишини эълон қилиши мумкин.

Марказнинг таъкидлашича, илгари янги Ойни илмий жиҳатдан аниқлаш имконсиз бўлган бир неча ҳолатлар бўлган, шунда ҳам Рамазон ҳайити бошланиши эълон қилинган.

Қайд қилиш жоиз, Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиши ва якунланиши, жумладан, Ҳайит куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эълон қилинади. Ҳозирча идора бу сана ҳақида маълумот бермади.

Мавзуга оид