14:37 / 22.04.2023
30414

Ўзбекистон 1 млн тонна шакар захираси мавжуд — Рақобат қўмитаси

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси пишиқчилик мавсумида шакар нархи яна кўтарилиши мумкилиши ҳақидаги хавотирларни рад этиб, эҳтимолий хавф-хатарлар ҳукумат назоратида эканини маълум қилди.

Фото: Fotolia

Рақобат қўмитасига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг йиллик эҳтиёжини барқарор таъминлаш учун зарур даражада шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Таъкидланишича, шакар маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи маҳаллий тадбиркорларнинг 2023 йилдаги фаолиятида вужудга келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳукумат томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

“Бугунги кунда маҳаллий шакар заводлари шакар хомашёсини жаҳон биржа котировкаларига нисбатан арзон нархларда Бразилия давлатидан харид қилмоқда. Хусусан, 15 апрель ҳолатига мазкур заводларда 357 минг тонна шакар маҳсулоти ресурслари мавжуд ҳамда арзон нархларда хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланган”, — дейилади қўмита хабарида.

Шундан омборда 8 минг тонна тайёр шакар ва 78 минг тонна хомашё, июнь ойига қадар 271 минг тонна хомашё етказиб берилиши режа қилинган.

Шунингдек, ички бозорни шакар маҳсулоти билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда ва биринчи босқичида (1 майга қадар) шакар ишлаб чиқариш қувватларини ўтган йилга нисбатан 25 фоизга оширилиши, натижада суткасига 2,5 минг тоннагача шакар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Бунда йиллик шакар ишлаб чиқариш 600 минг тоннадан 1 млн тоннагача ошиши кутилмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда аҳолига шакар 11 500 — 14 000 сўмдан, айрим олис ҳудудларда 12 000 — 15 000 сўмгача чакана нархларда реализация қилинмоқда.

“Республика аҳолисининг йиллик эҳтиёжини (ўртача 650 минг тонна) барқарор таъминлаш учун зарур даражада (1 млн тонна) шакар маҳсулоти мавжуд ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ”, – дейилади расмий баёнотда.

Аввалроқ Ўзбекистон шакар истеъмоли ўртача бўлган давлатлар қаторига кириши, ўзбекистонликлар йилига ўртача 17,8 кг шакар истеъмол қилиши маълум қилинганди.

2022 йилнинг мартида дунёдаги сиёсий вазият туфайли логистика масаласида муаммолар юзага келган ва Ўзбекистонга шакар етказиб беришда узилишлар кузатилганди.

Жиззах, Самарқанд ҳамда Тошкент шаҳрида захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли шакар нархи кескин ошган ва бу ҳудудлар масъуллари давлат раҳбарининг ғазабига йўлиққанди.

Ўзбекистондаги шакар ажиотажи фонида Қозоғистонда “шакар фирибгарлари” пайдо бўлган, улар арзон нархдаги шакар борлигини айтиб, одамларни чув туширишаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Top