16:23 / 22.04.2023
41826

Тожикистон ҳукумати 93 млн долларга Мексика президентининг ҳашаматли самолётини сотиб олди

Мексиканинг собиқ президенти даврида 218,7 миллион долларга сотиб олинган самолёт, ниҳоятда серҳашам бўлгани боис, амалдаги президент ундан фойдаланишдан бош тортган ва у хорижий сафарларга оддий тижорий рейсларида бориб келади. Серҳашам учоқни Тожикистон ҳукумати сотиб олди.

Фото: AP

Мексика президенти 2012 йили собиқ президент Фелипе Кальдерон даврида сотиб олинган, аммо кўпдан бери ҳеч кимга керак бўлмаган серҳашам Boeing 787 самолёти 4,5 йиллик уринишдан сўнг Тожикистонга сотилганини маълум қилди.

Самолет 1,6 млрд песо (қарийб 92,9 млн доллар)га сотилган. Тожикистон томони уни 10 кун ичида олиб кетиши керак.

Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор 2018 йилнинг 1 декабрида вазифасини бажаришга киришганидан сўнг самолётдан фойдаланишдан бош тортган, бунга унинг ниҳоятда ҳашаматли эканини сабаб қилиб келтирганди. Камтарона ҳаёт тарзини маъқул кўрадиган ушбу шахс хорижий сафарларига оддий тижорий рейсларда бориб келади.

Самолёт савдосидан тушган пул Мексикада иккита шифохона қуриш учун сарфланади. Амалдаги президент шундай қарор чиқарган.

2016 йили Мексика ҳукумати 28 йил давомида президент самолёти сифатида хизмат қилган Boeing 757-200 ўрнига янги самолёт сотиб олинишини эълон қилганди. Мексиканинг собиқ президенти Энрике Пенья Ньето маъмурияти берган баёнотга кўра, Boeing 787 самолёти мамлакатга 218,7 млн долларга тушган.

Самолёт 80 кишига мўлжаллланган ва унда алоҳида ваннага эга бўлган тўлақонли президент люкс хонаси мавжуд. Экспертлар уни 300 йўловчини таший оладиган одатий самолёт сифатида қайта жиҳозлаш анча қимматга тушишини таъкидлашган. Шундан сўнг у сотувга қўйилганди.

Top