Ўзбекистон | 11:59 / 23.04.2023
49472
21 дақиқада ўқилади

Абдулла Қодирийни ким тергов қилган?

30 йиллар қатағони даврида қўлланган қийноқлар айрим маҳбусларни ақлдан оздирган. Баъзилар эса қийноқларга дош беролмай, туҳмат қилишга мажбур бўлган. Қодирий-чи, у шундай вазиятда нима қилган? Қуйида академик Наим Каримовнинг буюк адибнинг тергов жараёнлари тасвирланган “Абдулла Қодирийни ким тергов қилган? Ёхуд терговчилар саволига Қодирий жавоблари” мақоласи тўлиғича эълон қилинади.

…Қодирийнинг терговчиларга берган мазкур кўрсатмасини ўқиган ўқувчиларда ўзгача фикр ҳам пайдо бўлиши мумкин. Маълумки, тергов чоғидаги қийноқлар сабабли айрим маҳбуслар ақлдан озишган, айримлари бошларини метин деворларга уриб, қаттиқ жароҳат олишган, кекса ёшдагилар эса қийноқлардан вафот этишган. Баъзилар эса қийноқларга дош беролмай, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам туҳмат қилишга мажбур бўлган. Шундай даҳшатли ҳолатга тушган Қодирий ўзига ўзи туҳмат қилишга мажбур бўлмаганмикан?..

Мен бундай фикрда эмасман. Бундай дейишимга сабаб тергов давомидаги мана бу савол-жавоблардир:

«Савол: Сиз миллатчи сифатида қайси советларга қарши ташкилот фойдасига ишлагансиз?

Жавоб: Мен буржуа миллатчиси сифатида ўз олдига Совет ҳокимиятини ағдариш мақсадини қўйган советларга қарши ўзбек буржуа миллатчилик ташкилоти фойдасига ишлаганман. Менинг матбуот ва адабиёт соҳасидаги амалий ишим совет ҳокимиятига қарши қаратилган, шунинг учун шу ташкилот раҳбарлари Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев томонидан фаол қўллаб-қувватланганман, менинг советларга қарши асарларим шахсан уларнинг топшириғига биноан оммавий ададда нашр этилган ва кенг тарқатилган.

Савол: Айтинг-чи, сиз қачон, ким томонидан ва қандай шароитда Ўзбекистонда мавжуд бўлган советларга қарши миллатчилик ташкилотига ёллангансиз?

Жавоб: Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки кунларда миллатчилик кураши йўлига ўтганим учун мен амалда советларга қарши ўзбек миллатчилик ташкилотининг кекса ва фаол қатнашчиларидан бириман, аммо расман бу ташкилотга аъзо бўлмаганман…

Мустабид совет давлати ҳудудида яшаган барча халқлар тарихининг мусибатли ва энг фожиали даври — 1937 йил ўзбек халқи хотирасида ҳам мудҳиш сана сифатида муҳрланган. Чунки шу йили Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари адиблар, Файзулла Хўжаев каби давлат арбоблари, Абдуваҳоб Муродий, Саттор Жаббор, Ғози Олим Юнусовдек олимлар қатағон этилди. Улар ўзбек халқининг бир неча асрлик турғунлик давридан кейин етишиб чиққан буюк фарзандлари эди. Шу тариқа эндигина шаклланиб, камол топиб бораётган янги ўзбек фани, техникаси, маорифи, адабиёти ва санъати қўпориб ташланди.

1937 йил 24 апрелда Фитрат ўзбек зиёлилари орасидан биринчи бўлиб қамоққа олинди. 31 декабрда Абдулла Қодирий «Оллоҳга минг қатла шукрлар бўлсинки, янги йилни бола-чақаларим билан кўрадиган бўлдим», деб Самарқанд дарвозадаги хонадонида норин тўғраб ўтирганида кутилмаганда НКВД (Ички ишлар халқ комиссариати) изқуварлари келиб, уни олиб кетишди. Абдулла Қодирий 1938 йилни НКВД зиндонида маҳбуслик либосида кутиб олди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, Чўлпон ва Фитрат сингари жўшиб-қайнаб яшаган зиёлилар ортидан дўст, яширин миллий ташкилотнинг аъзоси, НКВДнинг махфий ходими сифатида эргашиб, уларнинг ҳар бир қадами, ҳар бир айтган сўзини тегишли жойга етказиб турган «соялар» адибни бадном этувчи маълумотларни қўлга кирита олмаган. Шу сабабли адиб ҳатто қатағон тўлқини қутурган пайтларда ҳам НКВД назарига тушмаган. Шундай бўлса-да, 1937 йил 31 декабрда Ўзбекистон НКВД Давлат Хавфсизлиги ¬Бошқармаси ходимлари «жиноятнинг олдини олиш» мақсадида махсус қарор тайёрлайди. ЎзССР Ички ишлар халқ комиссари, Давлат хавфсизлиги майори Апресян тасдиқлаган бу қарорда Абдулла Қодирийга қуйидагича айбловлар эълон қилинган:

1. «Миллий иттиҳод» аксилинқилобий миллатчилик ташкилоти аъзоси бўлиб, қатор йиллар мобайнида Совет ҳокимияти ва партияга қарши фаол аксилинқилобий-миллатчилик курашини олиб борган.

2. Матбуотда партия ва ҳукумат раҳбарлари сиёсатига нисбатан кескин аксилинқилобий-миллатчилик ва туҳматдан иборат мақолалар билан чиққан.

3. Шу кунларда тугатилган ўзбек аксилинқилобий-пантуркистик ташкилотининг аъзоси бўлиб, унинг аксилинқилобий ишида фаол қатнашган.

4. Йиғилишларда мунтазам равишда аксилинқилобий-миллатчилик, аксилшўровий-миллатчилик руҳидаги фикрларни баён қилган.

Қодирий мазкур қарор билан танишиб, унинг тагига «Ушбу қарор менга эълон этилган (ўқудим), бунда кўрсатилган айбларга рози эмасман ва бўйнимга олмайман», дея имзо чеккан.

НКВД жаллодлари 1937 йилда турли-туман қийноқ усулларини қўллаш натижасида ўзбек халқининг қанчадан-қанча зиёлилари иродасини синдира олган. Инсон зоти кўрмаган қийноқлардан зада бўлган зиёлилар қора туҳматдан иборат сўроқ баённомаларини ўз имзолари билан тасдиқлашга мажбур бўлишган. Бироқ Апресян бошлиқ НКВД ходимлари Қодирийни «жиловлаш»нинг уддасидан чиқишолмади. Қодирийнинг бирор аксилинқилобий ташкилотга дахлдор бўлганини исботловчи исбот топа олмаган терговчилар ёз ойларида қамалган ёзувчиларнинг тергов баённомаларини титкилай бошлайди. Буни қарангки, Ғози Олим Юнусов билан Қаюм Рамазон Ўзбекистондаги пантуркистларни санаганларида Қодирий номини ҳам тилга олган, Абдулҳамид Сулаймонов (Чўлпон) Қодирий билан Шоҳид Эсонни миллатчи-аксилинқилобчилар қаторига қўшган, Мўмин Усмонов Файзулла Хўжаевнинг Қодирий, Элбек, Чўлпон ва Фитратга яхши шароит яратиб берганини эслаган, Аъзам Аюб эса Акмал Икромов «Туркистон» газетасига муҳаррирлик қилган вақтда Қодирийнинг ҳам шу газетада хизмат қилганини айтиб ўтган экан. Бу маълумотлар, аввало, бечора маҳбуслардан қийноқ остида олинган, қолаверса, улар далил ва ашёсиз, пуч гаплар эди.

Ўзига қўйилган барча сиёсий айбларнинг пучлигини кўрган Қодирий тергов жараёнида ўз ҳақиқатини мардона ҳимоя қилди. Терговчилар уч ой мобайнида Қодирийга нисбатан энг даҳшатли қийноқ усулларини қўлласа-да, унинг иродасини синдира олмади. Қодирий билан бир камерада ётиб, большевиклар дўзахидан омон чиққан собиқ маҳбусларнинг айтишларига қараганда, улар адибни калтаклаб, ярим кечада камерага чалажон ҳолда ташлаб кетишар, тиббиётдан оз-моз хабардор маҳбуслар бир ҳафта-ярим ҳафта давомида уни даволаб, эски ҳолига келтиришар, бир-икки ҳафтадан кейин эса яна ўша қийнаш ва даволаш «сеанс»лари давом этар экан. У барибир терговчилар талқинида ёзилган тергов баённомаларига имзо чекмади. Шунинг учун ҳам у имзо чеккан ягона тергов баённомасига «1937 йил, март» деб ёзилган бўлса-да, сана ўрнига уч нуқта қўйилган. Бу терговнинг нечанчи тергов эканини ҳам, 1938 йил мартининг қайси куни бўлиб ўтганини ҳам ҳеч ким билмайди.

Маълумки, Қодирий 1926 йилда «Йиғинди гаплар» ҳажвияси учун республика раҳбарлари обрўсини тўкишда айбланиб, бир неча ой қамоқда ётиб чиққан. Шу жараён билан боғлиқ материаллар НКВД терговчилари ихтиёрида бўлгани учун улар терговни шу масалага «ойдинлик киритиш»дан бошламоқчи бўлади. Лекин маҳбуснинг ўз «хато»ларини «Муштум» журнали фаолияти билангина боғламоқчи бўлганини сезиб, асл мақсадга ўтишни лозим топишади.

«Савол: Сиз советларга қарши миллатчилик ишингизни «Муштум» журнали доираси билан чекламоқчисиз. Огоҳлантирамиз: бу — бефойда уриниш. Маълумки, сиз буржуа миллатчиси сифатида адабиёт соҳасида фаоллик кўрсатгансиз. Шу тўғрида мукаммал кўрсатма беринг.

Жавоб: Мен терговдан ўзимнинг буржуа миллатчилик эътиқодимни яширмоқчи эмасман. Зеро, менинг бир неча йил давомида олиб борганим советларга қарши миллатчилик иши шу қадар маълумки, уни қанчалик истасам ҳам яшира олмайман. Шунинг учун ҳам мен адабиёт оламида советларга қарши олиб борганим амалий миллатчилик иши ҳақида виждонан, ҳаққоний сўзлаб беришга ҳаракат қиламан.

Мен жадидизм буржуа-миллатчилик партияси мафкураси руҳида тарбияланганман, шунинг учун Октябрь инқилобининг дастлабки кунлариданоқ Совет ҳокимиятига қарши буржуа-миллатчилик кураши йўлига ўтганман. Совет ҳокимияти буржуа миллатчилиги билан чиқишмагани, аксинча, унинг манфаатларига қарши бўлгани учун Совет ҳокимияти ғояларини қабул қилмаганман. Шунга асосланган ҳолда буржуа ёзувчиси сифатида бутун кучим ва имкониятим билан советларга қарши фаол миллатчилик ишини олиб борганман.

Мен 1919 йили «Ўтган кунлар» тарихий романини ёзишга киришиб, уни узил-кесил тугатиб, 1925 йили нашрдан чиқардим. Совет ҳокимиятининг Туркистондаги беш йиллик ҳаёти менинг сиёсий эътиқодимда ҳеч бир ўзгаришни юзага келтирмади, шунинг учун «Ўтган кунлар» романи чоп этилган вақтда мен имони комил буржуа миллатчиси эдим.

«Ўтган кунлар» романи совет воқелигини очиқдан-очиқ инкор этувчи, ошкора советларга қарши, миллатчилик руҳидаги асар эди.

Мен шу асарда инқилобга қадар бўлган ижтимоий давлат тузумини ва ўзбек миллатчилигини бутун кучим билан идеаллаштирдим. Агар романда тўғридан-тўғри «Йўқолсин совет ҳукумати!» дейилган бўлмаса-да, камида ички мазмуни шунга чақирган…»

Қодирийнинг тергов пайтида айтган бу сўзлари шу вақтгача бирор китоб ёки мақоладан ўрин олмаган. Бугун оддий китобхонлар ҳам, адабиётшунослар ҳам улуғ адибнинг бу сўзларини ўқиб ҳайратланишлари табиий. Нега маҳбуслик курсисида, жаллодлари рўпарасида ўтирган адиб улар қўяётган тузоққа чап бериш ўрнига, улар айтаётган туҳматни рад этиш ўрнига, аксинча, ўзини ўзи дор сари элтмоқда?! Маҳбус адибдаги бу ўзгаришнинг сабаблари нимада? У терговчилар билан курашда чарчаганиданми ёки ўзининг большевиклар зиндонидан омон чиқишига ишонмай қўйганиданми?! Ёки НКВД жаллодлари билан олишишдан кўра, улардан отилиб қутулишни афзал кўрганиданми?!

Маҳбус адибнинг терговчилар саволига жавобан айтган шу сўзларини яна бир бор ўқиб кўрсангиз, ундан бошқача бир маъно ҳам чиқади. «Ўтган кунлар» романи чоп этилган вақтда мен имони комил буржуа миллатчиси эдим», — демоқда адиб. Бу нима дегани?.. «Совет ҳокимиятининг Туркистондаги беш йиллик ҳаёти менинг сиёсий эътиқодимда ҳеч бир ўзгаришни юзага келтирмади», — демоқда у яна.

У айтмоқчики, Совет ҳокимияти барпо этилганидан кейин чор мустамлакаси бўлган Туркистонда ҳеч қандай ўзгариш рўй бермади. Чор ҳокимияти ҳам, Совет ҳокимияти ҳам Туркистонни талаш, Туркистон аҳолисини эзишдан бошқа бирор каромат кўрсатмади!.. Унинг «сиёсий эътиқоди» заминида шу масала мужассам. Шунинг учун ҳам адиб «Ўтган кунлар» романида инқилобга қадар Туркистонда ҳукм сурган ижтимоий давлат тузумини ва «ўзбек миллатчилиги»ни идеаллаштирдим, деб ўйлайди. У «ўзбек миллатчилиги» деганда ўзбекларнинг ўз тарихи, юрти, тили, урф-одатларини қадрлашини назарда тутади. Жадид ёзувчилари асарларидаги «миллатчилик» — миллий ғоя, миллий дунёқараш, миллий менталитетнинг мустамлакачилик шароитида хира тортишига қарши кураш қуролидир. Большевиклар ана шу қуролдан қўрқишган. Миллатчилик, аслида, миллатпарварлик деганидир.

Қодирийнинг терговчиларга берган мазкур кўрсатмасини ўқиган ўқувчиларда ўзгача фикр ҳам пайдо бўлиши мумкин. Маълумки, тергов чоғидаги қийноқлар сабабли айрим маҳбуслар ақлдан озишган, айримлари бошларини метин деворларга уриб, қаттиқ жароҳат олишган, кекса ёшдагилар эса қийноқлардан вафот этишган. Баъзилар эса қийноқларга дош беролмай, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам туҳмат қилишга мажбур бўлган. Шундай даҳшатли ҳолатга тушган Қодирий ўзига ўзи туҳмат қилишга мажбур бўлмаганмикан?..

Мен бундай фикрда эмасман. Бундай дейишимга сабаб тергов давомидаги мана бу савол-жавоблардир:

«Савол: Сиз миллатчи сифатида қайси советларга қарши ташкилот фойдасига ишлагансиз?

Жавоб: Мен буржуа миллатчиси сифатида ўз олдига Совет ҳокимиятини ағдариш мақсадини қўйган советларга қарши ўзбек буржуа миллатчилик ташкилоти фойдасига ишлаганман. Менинг матбуот ва адабиёт соҳасидаги амалий ишим совет ҳокимиятига қарши қаратилган, шунинг учун шу ташкилот раҳбарлари Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев томонидан фаол қўллаб-қувватланганман, менинг советларга қарши асарларим шахсан уларнинг топшириғига биноан оммавий ададда нашр этилган ва кенг тарқатилган.

Савол: Айтинг-чи, сиз қачон, ким томонидан ва қандай шароитда Ўзбекистонда мавжуд бўлган советларга қарши миллатчилик ташкилотига ёллангансиз?

Жавоб: Ўзбекистонда совет ҳокимияти ўрнатилган дастлабки кунларда миллатчилик кураши йўлига ўтганим учун мен амалда советларга қарши ўзбек миллатчилик ташкилотининг кекса ва фаол қатнашчиларидан бириман, аммо расман бу ташкилотга аъзо бўлмаганман.

Савол: Сиз ёлғон гапиряпсиз. Тергов сизнинг «Миллий иттиҳод», кейинчалик «Миллий истиқлол» советларга қарши миллатчилик ташкилотларида қатнашганингиз ҳақида ишончли маълумотларга эга. Буларни қандай қилиб инкор этасиз?

Жавоб: Мен «Миллий иттиҳод», шунингдек, «Миллий истиқлол» ташкилотларига ҳеч ким томонидан ёлланмаганим учун бу ташкилотларга ташкилий-расмий жиҳатдан мансуб бўлганимни инкор этаман…»

Кўрамизки, Қодирий терговчиларнинг саволларига ўйлаб жавоб бермоқда.

У совет ҳокимиятининг мустамлакачилик сиёсатидан норози бўлгани учун ўзини шу ҳокимиятга қарши курашаётган советларга қарши ташкилот аъзолари сафида кўради, шу ташкилотнинг норасмий аъзоси сифатида фаолият олиб борганини айтади. Аммо шу ташкилотга ким томонидан ёлланганини кескин рад этади. Ўзгача айтганда, Қодирий ўзга бир кишининг истаги ва даъвати билан эмас, балки ўз қалбининг даъвати билан совет ҳокимиятига қарши курашганини эътироф этган.

Капиталистик давлатлар қуршовида қолган совет давлати 1936 йилда оғир саноатни ривожлантириш, яқинлашиб келаётган урушга ҳозирланиш мақсадида халққа янги солиқлар солган, заём чиқариб, уни мажбурий равишда тарқатган. Совет давлатининг шу сиёсати халқнинг аксар қисмида норозилик уйғотган. Терговчилар шу воқеа муносабати билан маҳбусга бундай савол беришган:

«Савол: Сиз 1936 йилда руҳонийларнинг советларга қарши йиғинида қатнашгансиз, шу йиғинда совет ҳокимияти сиёсати аксилинқилобий руҳда муҳокама қилинган. Шуни тасдиқлайсизми?

Жавоб: Ҳа, тасдиқлайман. 1936 йилнинг ёзида бир руҳоний — яқин кишим Заҳириддин Аъламнинг уйида советларга қарши йиғин бўлиб ўтган, унда Совет ҳокимиятининг солиқ ва заём сиёсати советларга қарши руҳда муҳокама қилинган. Мен шахсан ўз фикримни баён қилмаган бўлсам ҳам, Заҳириддин Аъламнинг советларга қарши туҳматдан иборат фикрига тўла қўшилганман. Шу жиҳатдан ўзимни айбдор ҳисоблайман».

Бизгача етиб келган ягона сўроқ баённомаси Қодирийнинг шундай иқрор сўзлари билан тугайди. Қодирий шу сўнгги жавоби билан ҳам совет давлатининг халқ иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатажак сиёсатидан норози бўлганини яширмайди, аксинча, Заҳириддин Аъламнинг «советларга қарши фикри»га тўлиқ қўшилганини айтади.

Маълум бўлишича, шу ўтиришда Ғафур Ғулом ҳам ҳозир бўлган экан. У 1938 йил 21 март куни бўлиб ўтган сўроқда бундай деган: «1936 йили мен Қодирий билан биргаликда Наби Шариповнинг уйига таклиф этилдим (…); ўша хонадонга Заҳириддин Аълам, Шоҳидов, Чўлпон (…) ва менга нотаниш кимсалар таклиф этилган экан. Ўтириш давомида фақат сиёсий мавзуда суҳбатлашдилар, ҳамма Совет ҳокимиятини қоралади, советларга қарши гапирди. Қодирий «Совет ҳукумати заём чиқарди, энди уни мажбурий тартибда одамларга тарқатмоқда», – деди. Ўтириш қатнашчиларининг бари Қодирийнинг фикр-мулоҳазасини қўллаб-қувватлади ва шу ердаёқ заёмга обуна бўлмаслик ҳақида тарғибот юритишга келишиб қўйдилар».

Ғафур Ғуломнинг бу сўзлари билан Қодирийнинг жавоби ўртасида бир оз фарқ бўлишига қарамай, моҳияти битта: Қодирий совет ҳукуматининг шу сиёсати халқнинг моддий турмушига салбий таъсир кўрсатиши равшан бўлгани учун ундан норози бўлган. У шу норозилигини очиқ-ойдин айтган ва шу масалада айрим замондошлари каби мунофиқлик қилмаган.

Аммо Қодирий Фитрат ва Чўлпондек совет давлати мустамлакачилик сиёсатининг моҳиятини кескин фош этувчи ва халқни большевиклар давлатига қарши курашга даъват этувчи бирорта асар ёзган эмас. Уни ўз асарлари билан совет ҳокимиятига қарши курашган, дейиш ҳам нотўғри. У ўз ижоди билан ўзбек адабиётини юксак босқичга кўтарган, ўзбек халқини жаҳонга танитган, «Обид кетмон» қиссаси, «Шубҳа», «Қуёшга қарши курашаман» сингари ҳикоялари билан эса совет давлатининг жамоалаштириш кампаниясини қўллаб-қувватлаган адибдир. У тергов жараёнида ана шу адибнинг манглайига «халқ душмани» деган мудҳиш тамғани қўяётган совет давлатига қарши сокин исён кўтаради ва шу исён учқунларининг пайдо бўлиш тарихини совет давлатига қарши кураш тарихи сифатида талқин этмоқчи бўлади.

Қодирий 1937 йил 10-20 март кунларида Мўмин Усмонов, Қурбон Берегин, Назрулла Иноятов, Ғози Олим Юнусов ва Саъдулла Турсунхўжаев билан юзлаштирилади. Юзлаштиришдан мақсад Қодирийни шу маҳбусларнинг кўрсатмалари асосида гўё А.Икромов ва Ф.Хўжаев раҳбарлик қилган советларга қарши аксилинқилобий ташкилотнинг аъзоси сифатида қоралаш эди. Қодирий юзлаштириш вақтида 1932 йилга қадар миллатчи ёзувчи бўлганини эътироф этган бўлса-да, аксилинқилобий ташкилотга аъзо бўлганлиги ҳақидаги айбни мутлақо тан олмаган. Шунга қарамай, 1938 йил апрель ойида (куни кўрсатилмаган) ЎзНКВД ДХБ 4-бўлими 3-бўлинмаси бошлиғи ёрдамчиси, ДХ лейтенанти Н. Тригулов ва шу бўлинма бошлиғи, ДХ лейтенанти Богомолов «Айблов хулосаси»ни тузади. 4-бўлим бошлиғи ёрдамчиси, ДХ лейтенанти Матвеевнинг розилиги олинган «Айблов хулоса»си маҳбусга ўқиб эшиттирилади. «Айблов хулосаси»да қайд қилинишича, Қодирий ЎзССР Жиноят кодексининг 58-, 64- ва 57-моддалари бўйича, яъни Ўзбекистонни Совет Иттифоқидан ажратиб олиш мақсадида тузилган аксилинқилобий миллатчилик ташкилотининг аъзоси бўлганлик ва шу мақомда советларга қарши аксилинқилобий фаолиятни олиб борганликда айбланган эди.

Тергов пайтида ҳам, юзлаштиришлар жараёнида ҳам Абдулла Қодирийнинг аксилинқилобий ташкилот аъзоси бўлгани факти мутлақо тасдиқланмаган.

1956 йилда шахсга сиғиниш фожиаларини қоралаш ишлари бошланганда шу жиноят билан шуғулланган ЎзНКВД ходимларининг тириклари терговга тортилиб, оммавий қирғинда иштирок этгани учун НКВД органларидан ҳайдашдек «фавқулодда оғир жазо»га ҳукм қилинди. Шу жараёнда терговчиларнинг ўз лавозимларини суиистеъмол қилгани, яъни исталган кишини қамоққа олиб, истаганча азоблагани ва уларга истаганча жазо берганлари кундек равшан бўлди.

«Ёзувчи Абдулла Қодирийнинг иши юзасидан шуни айтишим лозимки, — деган Нурми Тригулов 1956 йил 9 июнда бўлиб ўтган терговда, — у Агабековнинг ташаббуси билан қамоққа олинган… Ўша пайтдаги барча тергов ишларидек, Абдулла Қодирий устидан қўзғатилган иш ҳам ибтидоий усулда, инқилобий қонунчиликка хилоф равишда олиб борилган… Масалан, Абдулла Қодирий ўзига қўйилаётган айбларни сира тан олмаган; тинтув пайтида жиноят белгиларини кўрсатадиган бирорта ҳам ашё-далил топилмаган; шунинг учун қамоқдаги бошқа маҳбусларнинг кўргазмаларидан олинган нусхалар унга қарши ишлатилган—буни мен тасдиқлайман. Ўша пайтдаги тартибга кўра, ҳар қандай одамнинг бирор миллатчилик ташкилотига алоқадорлигини исботлаш учун маҳбусларнинг кўрсатмаларидан олинган нусхалар етарли бўлар, шу асосий ашё ҳисобланар эди. Шундай ашёга асосланиб прокурор қамоққа олиш ҳақида фармон берар, шу ашё асосида маҳбусга айб қўйилар ва айбнома тузилар эди. Шундай масхарабозлик билан Абдулла Қодирий иши ҳам охирига етказилган; жиноий иш юзасидан қонуний тергов олиб борилмаган, у хўжакўрсинга сўроқ қилинган…»

Тригулов ўз кўрсатмасида «инқилобий қонунчиликка хилоф равишда олиб борилган» иборасини қўллаган. Ҳолбуки, ўтган асрнинг 20-30 йилларида ҳаракатда бўлган «инқилобий қонунчилик» юз минглаб бегуноҳ кишиларнинг бекордан-бекорга отилиб кетилиши, юз минглаб кишиларнинг бошқа ўлкаларга сургун қилиниши, ота-онаси қатағон қилинган минглаб болаларнинг қариндош-уруғлари бағридан юлиб олиниб, бошқа шаҳар ва республикалардаги «Болалар уйи»га юборилишига тўлиқ имкон берган.

1938 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган НКВД махсус полигонида отиб ташланган ва шу ердаги хандақлардан бирида махфий равишда дафн этилган Абдулла Қодирий тақдири ҳам шундан далолат беради.

Мавзуга оид