Ўзбекистон | 16:52 / 28.04.2021
11057
5 дақиқада ўқилади

«Ўткан кунлар» романини инглиз тилига ўгирган таржимон Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзоси бўлди

Фото: Алимурод Муҳаммадамин

2019 йили Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини америкалик маданиятшунос Марк Эдуард Риз инглиз тилида “Bygone days” номи билан китоб ҳолида чоп этган ва шу йил 27 декабр куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтганди. 2021 йил 27 апрел куни Адиблар хиёбонида – Абдулла Қодирий ҳайкали ёнида китобнинг юртимиздаги тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таржимон Марк Риз ҳам қатнашди.

Уюшма матбуот хизматининг маълум қилишича, тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос Сувон Мели, профессор Баҳодир Карим, Абдулла Қодирий уй-музейи директори Хондамир Қодирий, филология фанлари доктори Гулноза Одилова таржима ва таржимоннинг ютуқлари ҳақида сўзлади.

– Романни бир ярим йил олдин диққат билан ўқиб чиқдим, – дейди Гулноза Одилова. – Мен докторлик тадқиқотимда ўзбек миллий менталитетидаги овқатланиш, оила даврасидаги коммуникатив мулоқот жараёнини таржимада қандай берилганини тадқиққа тортгандим ва бунда “Ўткан кунлар”нинг Илҳом Тўхтасинов таржимасига қараб, жуда ҳам хафа бўлгандим. Чунки у ерда миллийликка оид кўп сўзлар тушиб қолган. Масалан, романда Ўзбекойим Отабекни Зайнабни қайнотасиникига чарларга оборишга мажбурлаб турган маҳал ўғли боргиси келмай, хўр-хўрлатиб чой ичади. Яъни, бу ерда Отабек онасининг гапига юмор билан жавоб қайтаряпти, бефарқлигини шу йўл билан кўрсатяпти. Бу эса Ўзбекойимнинг жаҳлини чиқаради. Тўхтасинов таржимасида Отабек шунчаки овқатланиб ўтирарди, дейилган. Хўриллатиб чой ичиш эффекти йўқ. Ўзбекойимнинг гапига эътиборсизлик билан, нима деяпсиз, дегандай юмори таржимада акс этмаган. Марк Риз ўз таржимасида мана шу эффектни сақлаган, яъни онасининг гапига бефарқ бўлиб оғзини тўлдириб-тўлдириб чой ичиб ўтирган Отабекнинг ҳолатини инглизчада кўрсата олган.

Тақдимотда Марк Риз кўрсатилган ҳурмат учун миннатдорлик билдирди. Юртимиздаги ислоҳотлар тўғрисида гапирди. Президентнинг “Ўткан кунлар” романидан келтирган қўшхотинлик борасидаги иқтибосини эслади. Давлат раҳбарининг адабиётга бу каби эътибори ва унинг натижаси, албатта, бўлишини эътироф этди. Ташрифнинг илк кунлари ҳақидаги илиқ таассуротлари билан ўртоқлашди. Бундан сўнг “Меҳробдан чаён” романини таржима қилиш лойиҳасини режалаштираётганини айтди.

660 саҳифадан иборат китобда унда қўлланган атамаларга, ўзбек халқи маданияти, анъаналари ва урф-одатларининг ўзига хос жиҳатларини тушунтирувчи 415та изоҳ мавжуд. Таржимани ўқиганларнинг айтишича, китобда шунчалик меҳр билан изоҳлар берилганки, тарихий давр борми, касблар борми, сиёсий жараёнлар борми ёки базмларнинг номими, ҳамма-ҳаммаси эринмасдан ифодаланган.

Сабаби, Марк Риз асар таржимасига 15 йиллик умрини сарфлаган. Китоб айни пайтда “Амазон” компаниясининг интернет сайтида сотилмоқда. Асар “5 юлдузли” рейтингга эга бўлган.

Марк Риз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини ўзбек тилидан инглизчага тўлиқ ўгирган биринчи таржимон. Таржима учун романнинг 1926 йил босилган биринчи ва қисқартирилмаган нашри танланган. Таржима ишлари 2004 йилда бошланиб, 2019 йилда якунланган.

Тақдимотдан сўнг Марк Эдуард Риз Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро анжуманлар залига таклиф этилди ҳамда унга уюшманинг фахрий аъзолик гувоҳномаси топширилди.

Ўзбекистонга ташрифини Абдулла Қодирийнинг рамзий қабрини зиёрат қилишдан бошлаган Марк Риз адибнинг уй-музейини томоша қилди. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби жамоаси билан учрашди. Абдулла Қодирий мемориал музейи комплекси ҳамда “Турон” ахборот-кутубхона маркази билан танишди. Тадбирларда Марк Риз ўзбек тилида жуда чиройли ва равон сўзлади, ҳатто ўзбекча ҳазил қилиб, йиғилганларни кулдирди ҳам. Ўзбекистон ва ўзбекларни жуда яхши кўришини ўзбекчада қийналмасдан ифодалади.

У шу йилнинг 8 майига қадар юртимизнинг турли ҳудудлари ва ташкилотларида бўлиб, кўплаб учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Мавзуга оид