Ўзбекистон | 15:33 / 26.04.2023
17027
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон литий қазиб олишни бошламоқчи

Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Қодирхўжаев 26 апрель куни «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмасида Ўзбекистон литийни ўзлаштиришни йўлга қўйиш ниятида эканлигини таъкидлади, деб ёзмоқда Gazeta.uz.

Фото: mining-technology.com

«Ўзбекистонда йирик литий кони жойлашган, биз ушбу металлни мамлакатда қазиб олиш ва қайта ишлашни йўлга қўйишга тайёргарлик кўрмоқдамиз, – деди вазир ўринбосари.

Унинг таъкидлашича, вазирлик бутун мамлакатда «технологик металлар» деб аталадиган соҳани ривожлантиришни истиқболли йўналиш деб ҳисоблайди.

Бундан бир йил аввал Ўзбекистон президентига Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қошида устав капитали 15 миллион доллар бўлган «Янги кон» лойиҳа офисини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Тузилма графит, литий, алюминий, магний ва бошқа нодир металларни қазиб олиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади.

Ўзбекистоннинг сармоявий таклифлар портфелига Тошкент вилоятидаги литий конини ўзлаштириш киради. Унинг захиралари 123 минг тоннадан ошади. Лойиҳанинг қиймати 59,5 миллион долларга баҳоланмоқда.

Мавзуга оид