Жаҳон | 17:28 / 29.04.2023
12757
1 дақиқада ўқилади

Испания ва Португалияни жазирама об-ҳаво қамраб олди

Испаниянинг Кордова шаҳрида апрел ойидаги энг юқори ҳарорат қайд этилди. Мутахассислар иссиқликни глобал исиш билан боғлаяпти.

Фото: Guillermo Martinez/REUTERS

Испаниянинг қитъа қисмида ва Португалияда янги иссиқлик рекордлари ўрнатилди - об-ҳавони кузатиш учун апрел ойида термометрлар ҳеч қачон ҳозиргидек юқори кўрсаткичларга чиқмаган. Испания жанубидаги Кордова шаҳрида 28 апрел, жума куни ҳаво ҳарорати +38,8 даражагача кўтарилди. Қўшни Португалияда об-ҳаво хизмати мамлакатнинг марказий қисмидаги Мора шаҳрида +36,9 даражани қайд этди.

Испанияда расмийлар ўрмон ёнғинлари хавфи ҳақида огоҳлантирди. Мадрид ҳукумати одатдагидан бир ярим ой олдин ўрмон ёнғинларини кузатиш хизматини фаоллаштирди. Испанияда ўтган йилнинг шу давридаги 17 минг гектарга нисбатан бу йил аллақачон 54 минг гектар ўрмон ёниб кетди.

2022 йилда Испанияда рекорд даражадаги энг иссиқ ёз қайд этилганди. Мутахассислар мисли кўрилмаган иссиқлик тўлқинини иқлим ўзгариши билан боғлашмоқда.

Мавзуга оид