Ўзбекистон | 10:53 / 01.05.2023
6813
1 дақиқада ўқилади

Миср ҳукумати гепатитга қарши дорининг дастлабки партиясини Ўзбекистонга юборди

Жорий йилнинг 29 апрель куни Миср ҳукумати томонидан мамлакат шифохоналарида фойдаланиш учун инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган, дунёда кенг тарқалган касалликлардан бири – С гепатитига қарши дори воситасининг дастлабки партияси Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Мамлакатнинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан ишлаб чиқилган мазкур юкнинг олиб келиниши Ўзбекистон ва Миср ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш, вирусологияда ўзаро қўллаб-қувватлашни ташкил этиш доирасида аввал эришилган келишувларнинг амалий натижасидир.

Умумий қиймати 35 минг АҚШ долларини ташкил этган 17 минг қутидан ортиқ дори воситаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморлар учун ишлатилади.

Ўзбекистон ва Миср соғлиқни сақлаш идоралари 2023-2024 йиллар давомида умумий қиймати 4,8 миллион долларлик жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши дори воситаларини бепул етказиб бериш бўйича келишувга эришган.

Мавзуга оид