14:04 / 10.05.2023
18287

ОТМга киришда максимал балл олиш учун чет тили сертификати даражаси қандай бўлиши керак?

Кейинги ойдан давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш бошланади. Қабул яқинлашгани сайин абитуриентларда саволлар кўпайяпти. Шундай саволлардан бири имтиҳонда чет тили фанидан максимал балл олиш учун сертификат даражаси қандай бўлиши кераклиги ҳақида.

Фото: KUN.UZ

Бакалавриат таълим босқичига ҳужжат топшираётган абитуриентнинг чет тили сертификати B2 бўлса, унга чет тили блогидан максимал балл берилади. Ундан пастроқ сертификатлар, масалан, B1 сертификати қабул қилинмайди.

Чет тилидан B2 сертификати бор абитуриентга максимал балл берилади. Масалан, инглиз тили абитуриентнинг биринчи фани бўлса, унда 93,0 балл, иккинчи фани бўлса, 63,0 балл нақд дегани.

Сертификатлар қанақа бўлиши керак?

инглиз тили учун — IELTS 5,5, Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE, Cambridge Assessment English Linguaskill халқаро имтиҳон тизимлари ёки миллий имтиҳон тизими сертификатлари бўлса, B2 даража;

  • япон тили учун — миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT № 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
  • немис тили учун — миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD), Test Deutsch als Fremdsprache (Test DAF) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
  • француз тили учун — миллий сертификат ёки Diplôme d’Etudes en Langue Française (DELF), Test de Connaissance du Française (TCF4) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;
  • бошқа тиллар учун — миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори.

Даражаси пастроқ сертификат топшириб ҳам қанчадир балл олиш мумкинми?

Бунинг имкони йўқ. Сабаби ОТМга ҳужжат топширишда сертификатга оид маълумотлар онлайн платформага юклангач Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги уларнинг ҳар бирининг ҳақиқийлиги ва даражаси мос келишини текширади.

Масалан, ўтган йилги қабулда абитуриентлар томонидан 29 мингдан зиёд чет тили сертификати юкланган бўлса, уларнинг 955 таси талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

56 та сертификат эса қалбаки тарзда абитуриентларнинг ўзлари томонидан ясалган. Бундай сертификатлар ҳақида собиқ Давлат тест маркази (ҳозирда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган. Шунинг учун сертификатни сохталаштириш ҳақида умуман ўйламаган маъқул.

Магистратура учун-чи?

ОТМларнинг магистратурасига ҳужжат топшириш учун чет тили сертификати мажбурий қилиб қўйилган. Яъни агар абитуриентнинг чет тили сертификати бўлмаса, унда ҳатто ҳужжат топширишга ҳам имкон бўлмайди. Бунда филология таълим йўналишлари учун сертификат даражаси камида C1, бошқа барча таълим йўналишлари учун эса B2 бўлиши керак.

Яқинда шу йилги қабулдан бошлаб магистратура учун қабул қилинадиган чет тили сертификатлари рўйхати (даражаси билан) мавжуд қарор лойиҳаси эълон қилинди. Рўйхатга 10 та тил бўйича жами 25 турдаги сертификат киритилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги қабулдан бошлаб магистратура ва ундан кейинги таълим учун чет тили сертификати талаб қилиш биринчи марта бошлангани учун бир йилда икки марта қабул ўтказилган ва сертификати тегишли даражадан паст абитуриентлар ҳам ўқишга қабул қилинганди. Фақат уларга ҳам то ўқиш тугагунига қадар талаб даражасидаги чет тили сертификатига эга бўлиш шарти қўйилган. Бўлмаса диплом берилмайди.

Лекин Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги берган маълумотга кўра, бу фақат ўтган йилги қабул учун истисно бўлган. Бу йилдан бошлаб сертификат талаби қатъий бўлади. 

Top