16:12 / 11.05.2023
13416

Спорт буюмлари – “қандолатчи”га, рюкзаклар – “чинничи”га. Шубҳали тендерлар давом этяпти

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати спорт анжомлари хариди учун 5 та тендер ўтказди. Шундан умумий суммаси 22 млрд сўмдан ортиқ бўлган 2 та лотни нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ютган. Яна бир ҳолатда эса керамик буюмлар ишлаб чиқарувчи корхона ўқувчилар сумкаси хариди учун ўтказилган танловда ғолиб деб топилган.

Фото: Shutterstock

Кейинги пайтларда “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан ўтказилаётган тендерлар анчагина шубҳали бўлмоқда. Негаки, миллиардлаб сўмлик тендерларни фаолият тури харид қилинаётган маҳсулотга мос келмайдиган тадбиркорлик субъектлари ютиб кетяпти. Қолаверса, айрим ҳолларда арзон нарх таклиф қилган корхона қолиб, қиммат нарх айтган корхона ғолиб деб топилиб, улар билан шартномалар қилинмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати олдинроқ ўқув қуроллари хариди учун 12 та тендер ўтказган ҳамда уларнинг 4 тасини ёғоч ва қурилиш материаллари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма, биттасини фаолият тури автомашиналарни ювиш бўлган фирма ютиб олганди. Kun.uz ҳисоб-китобларига кўра, ўшанда ғолиб фирмалар билан 13,5 млрд сўм қиммат нархларда шартнома имзоланган.

3 май куни спорт анжомлари (тўплар) хариди учун ўтказилган тендерларда ҳам бу каби ҳолат кузатилди: 5 та лотнинг иккитасида фаолият тури нон, хамирдан қандолат маҳсулотлари, торт ва пирож ишлаб чиқариш бўлган МЧЖ ғолиб деб топилган.

1-ҳолат: 7 млрд 444 млн сўм

Оролбўйи ҳудудидаги мактаблар учун спорт анжомлари – ҳар бири 12 630 донадан футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари ва 2526 та секундомер харид қилиш мақсадида 7 млрд 754 млн сўм бошланғич сумма билан танлов эълон қилинган.

Танловда “Ko'xna Diyor” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 7 млрд 444 млн 687 минг сўмга шартнома имзоланган.

Реестрга кўра, “Ko'xna Diyor” МЧЖ нон, хамирдан қандолат маҳсулотлари, торт ва пирог ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Андижон вилоятининг Балиқчи туманида давлат рўйхатидан ўтказилган корхона раҳбари – Шоҳакбар Рустамов.

2-ҳолат: 14 млрд 305 млн сўм

Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятидаги мактаблар учун спорт анжомлари – ҳар бири 24 270 донадан футбол, волейбол, баскетбол, гандбол тўплари ва 4854 дона секундомер харид қилиш мақсадида 14 млрд 901 млн сўм бошланғич сумма билан танлов эълон қилинган.

Танловни “Ko'xna Diyor” МЧЖ ютган ва у билан 14 млрд 305 млн сўмга шартнома имзоланган.

Эътиборлиси, мазкур тендерларда фаолият тури спорт жиҳозлари ишлаб чиқариш бўлган тадбиркорлик субъектлари ҳам ютқазган. Бу жиҳатлар мазкур тендерларнинг адолатли ўтказилганини шубҳа остига қўяди.

3-ҳолат: 14 млрд 675 млн сўм

“Таъминот ва логистика хизмати” ДУК томонидан 25 апрель куни ўқувчилар сумкаси хариди учун ўтказилган тендер ҳам бироз шубҳали. Сабаби ушбу тендерда фаолият тури маиший ва декоратив керамик буюмлар ишлаб чиқариш бўлган корхона ғолиб бўлган.

149 755 дона ўқувчи сумкаси харид қилиш мақсадида 15 млрд 200 млн сўм бошланғич сумма билан танлов эълон қилинган. Лотни “Mohi Diyor Rashidon” МЧЖ ютган ва у билан 14 млрд 675 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Олдинроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг таъминот хизмати 2023/24-ўқув йили учун инглиз тили фанидан 1-11 синф машқ дафтарлари, дарсликлар сотиб олиш мақсадида жами 11 та лотда тендер ўтказгани ҳамдауларда негадир қиммат нарх таклиф қилган тадбиркорлик субъекти ғолиб деб топилиб, 30 фоиз арзон нарх таклиф қилган МЧЖ жараёндан четлаштирилгани маълум бўлганди. Кейинчалик тендер натижалари давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия йиғилиши баёни билан бекор қилинган.

“Таъминот ва логистика хизмати” ДУКнинг шубҳали тендерлари ҳақида ҳозирча ваколатли органлар негадир сукут сақламоқда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Top