Ўзбекистон | 18:42 / 01.04.2024
5664
3 дақиқада ўқилади

“Дарсликлардаги камчиликлар бўйича катта база тўпланяпти” – ММТВ

Шу кунгача нашр қилинган ва энди чиқиши кутилаётган янги дарсликлар учун катта платформа ишга туширилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазири маслаҳатчиси Азизбек Турдиевнинг айтишича, яқин кунларда оммага тақдим қилиниши кутилаётган бу платформа орқали дарсликлардаги хато-камчиликлар камаяди.  

ММТВ масъуллари билан ўтган анжуманда ижтимоий тармоқларда янги авлод дарсликларининг хатоликлари ҳали ҳам муҳокама қилинаётгани, бунга вазирлик қандай муносабат билдириши ва уни батараф этишда нималар қилиши юзасидан савол берилди. Вазир маслаҳатчиси Азизбек Турдиев камчиликлар бўйича катта база қилинаётганини айтди.  

“Ҳаммасини йиғиб боряпмиз, бу нафақат ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан, балки ўзимизнинг мутахассисларимиз томонидан ҳам дарсликлар синчиклаб қайта кўриб чиқиляпти.  

Шу кунларда катта платформани ишга туширяпмиз, [бу] айнан [дарсликлардаги] хатоликларга бағишланган бўлади. Шу кунгача нашр қилинган ва энди нашр этилажак дарсликларни ҳам шу платформада эълон қилиш устида ишлаяпмиз”, – деди у. 

Қайд этилишича, шу йўл орқали энди ишлаб чиқилаётган дарсликлардаги хато-камчиликлар камаяди. У мавжуд хатоларни бартараф этиш учун ҳамма дарсликлар кесимида ишга туширилади. Кейинчалик нашр қилинадиган дарсликлар ҳам шу платформага жойланиши айтилди. Ҳозирча унинг устида иш олиб борилмоқда, платформа яқин кунларда омма эътиборига ҳавола этилиши кутиляпти. 

Шунингдек, Азизбек Турдиев дарсликлардаги айрим масала ва машқлар мураккаблигига оид саволга ҳам жавоб бераркан, бунга ҳозир баҳо бериш хато эканини айтмоқда. 

“Бу дарсликларни ўқувчилар ўқисин, орадан бироз вақт ўтсин. Ҳар қандай қилинган ишнинг натижаси, албатта, таҳлил қилинади. Бугун мураккаб деб аталаётган жараён ҳам эртага мутахассислар томонидан таҳлил қилинади. Агарда ҳақиқатан мураккаб бўладиган бўлса, бунинг чораси кўрилади, агар “йўқ, бугун дунё стандарти шу тажрибани тақозо этяпти” дейилса... 

Бизда кўп тадқиқотлар бўляпти, мана, PISAʼга тажриба-синов тариқасида 83 та мактаб [қатнашди], кейинги йил яна 200 дан ортиқ мактаб [қатнашади]. Мана шу жараёнларда ўқувчиларимизнинг асосий берилаётган эътирози: “фақат жавоб беради-да, лекин жавобини изоҳлай олмаяпти”, деяпти-да, содда қилиб айтганда. Биз киритаётган машқ-мисоллар ўқувчилардан ҳам машқни ечиш, ҳам уни изоҳлаш, кўникмани ошириш, олган билимини амалиётда қўллаш салоҳиятини шакллантиради. Шу маънода ҳозир тажриба қилиняпти”, деди у. 

Мавзуга оид