Молдова Гагаузияси раҳбари сайловида россияпараст номзод ғалаба қозонди
Гагаузия раҳбари учун сайловнинг иккинчи босқичида россияпараст номзод Евгения Гуцул ғалаба қозонди. Марказий сайлов комиссиясининг хабар беришича, у 27 376 та овоз олган. Маҳаллий Deschide нашрининг ёзишича, Гуцулга Россиядан келган сиёсий технологлар ёрдам берган.
Молдова таркибидаги Гагаузия автоном ҳудудий округи башкани (раҳбари) сайловининг иккинчи босқичида, маҳаллий МСКнинг 14 май, якшанба куни маҳаллий вақт билан ярим тунгача эълон қилинган дастлабки маълумотларига кўра, "Шор" партиясидан номзод Евгения Гуцул 27 376 та (52 фоиз) овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонди.
Унинг рақиби, мухолифатдаги Молдова Республикаси Социалистлар партияси томонидан қўллаб-қувватланган Григорий Узун 24 913 та (48 фоиз) овоз олди. Гагаузияда жами 92 мингдан кўпроқ сайловчи рўйхатга олинган. МСК сайловлар жиддий қонунбузарликларсиз ўтгани, иккинчи турда сайловчиларнинг 54,5 фоизи иштирок этгани ҳақида хабар берди.
Башкан сайловларининг иккинчи босқичи якуний натижалари 15 май куни эрталаб соат 9:00 да эълон қилинади.
Гуцул ҳам, Узун ҳам - россияпараст номзодлар, сиёсий тажрибаси йўқ. Уларнинг иккаласи ҳам сайловчиларга Россия билан яхши алоқалар, арзон газ ва енгилроқ тарифларни ваъда қилмоқда. 30 апрел куни бўлиб ўтган биринчи турда Гуцул ва Узун деярли бир хил натижани кўрсатди – 26 фоиздан сал кўпроқ. Евгения Гуцул рақибидан атиги қирқта овозга устун келди.
Гагаузия анъанавий равишда Молдовада Россия таъсири зонаси ҳисобланади. Автоном ҳудудий округнинг алоҳида ҳуқуқий мақоми унга мустақил ахборот сиёсатини юритиш ҳуқуқини беради - бу ерда Россия телеканаллари трансляция қилинади. Шу сабабдан Молдовада ҳукмрон европапараст “Ҳаракат ва бирдамлик” партияси гагаузларнинг ҳар қандай танловини қабул қилишини, асосийси сайловлар адолатли ўтишини таъкидлаб, башкан сайловларига ўз номзодини кўрсатмади. Башкан, қонунга кўра, автоматик равишда Молдова ҳукумати таркибига киради.
Мавзуга оид
08:17 / 25.04.2024
Молдовада россияпараст Гагаузия раҳбарига нисбатан айблов эълон қилинди
07:54 / 14.06.2023
Тошкентда ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг сайловларни кузатиш бўйича офиси очилди
08:16 / 12.06.2023
Черногориядаги сайловларда европапараст партия етакчилик қилмоқда
11:17 / 10.06.2023