Жаҳон | 07:39 / 16.05.2023
16439
2 дақиқада ўқилади

Европа РФга санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган давлатларга экспортни чеклаши мумкин

Европа Иттифоқи кўҳна қитъада ишлаб чиқарилган товарларни Россия орқали транзит қилишни муҳокама қилмоқда, деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен матбуот анжуманида.

Скриншот Youtube/European Commission

Бундан ташқари, Еврокомиссия раҳбари Москвага санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам қилганликда гумонланаётган давлатларга экспортлар ҳам чекланиши мумкинлиги таъкидлаб ўтган.

Ўтган ҳафта Financial Times газетаси Европадан Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга етказилиши мўлжалланган жами 1 млрд евролик товарлар Россия орқали транзит қилиш жараёнида йўқолиб қолганини ёзиб чиққан эди. Нашрнинг маълумотига кўра, бу ҳодиса “хаёлий савдо” деб аталади ва Украинада уруш бошланганидан буён Россия орқали бошқа давлатларга етказилаётган иккиламчи мақсаддаги товарларнинг тенг ярми йўқолиб қолмоқда.

2022 йилда Европа Иттифоқидан МДҲ давлатларига маҳсулотлар етказиб бериш ҳажми аномал равишда ўсган, дейишмоқда экспертлар. Айниқса, Россияга олиб кирилиши тақиқланган товарлар борасида бу ўсиш яққол кўзга ташланади. Бундай товарларнинг Евроиттифоқдан Беларус, Арманистон, Қозоғистон, Гуржистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга экспорти 2022 йилнинг мартидан ноябригача қарийб икки баробарга ўсган. Бундан яққол хулоса келиб чиқади: МДҲ давлатларига ҳажми ошган экспорт маҳсулотларининг катта қисми Россияга йўналтирилмоқда.

Financial Times фикрича, бу туйнукни ёпиш осон бўлмайди. Бироқ, Европа Иттифоқи бунга санкцияларнинг 11-пакети доирасида уриниб кўрмоқчи.

Аввалроқ Еврокомиссия Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун Европа Иттифоқидан учинчи давлатларга экспортга чекловлар жорий этишни таклиф қилаётгани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид