Хитой Марказий Осиёда “тинчликни таъминлашга” тайёрлигини маълум қилди
Хитойнинг Сиан шаҳрида “С5 саммити” бўлиб ўтди, унда Си Жинпинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига “молиявий ёрдам” кўрсатишга ваъда берди, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида гапирди.
Хитой раҳбари Си Жинпинг 19 май, жума куни ХХР шимоли-ғарбидаги Сиан шаҳрида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан учрашди. “С5 гуруҳининг биринчи саммити” деб аталган учрашув доирасида Хитой раҳбари Марказий Осиёда “тинчликни таъминлаш” ва Марказий Осиё давлатларининг “мудофаасини кучайтириш”га тайёрлигини маълум қилди.
AFP хабарига кўра, Си Жинпинг ўз нутқида Пекин сепаратизм, терроризм ва экстремизмни ўз ичига олган минтақадаги “уч ёвузликка” қарши хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди. “Олти давлат ички ишларга чет эл аралашувига ва “рангли инқилоблар”ни юзага чиқаришга уринишларга қатъий қарши туриши керак”, деди Хитой раҳбари собиқ Совет республикаларидаги тартибсизликларга ишора қилиб. Хусусан, Москва уларни Ғарб қўллаб-қувватлайди, деб ҳисоблаб келади.
Учрашувда, шунингдек, мамлакатлар ўртасида фуқаролик соҳаси, жумладан, савдо, инфратузилма лойиҳалари, энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Си Жинпингнинг айтишича, Пекин Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги транспорт йўналишларини кенгайтиришни режалаштирмоқда, улар учун “молиявий кўмак” ва “бепул ёрдам” кўринишида 26 миллиард юан (3,4 миллиард евро) ажратади. Хитой томони келтирган расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 70 миллиард АҚШ долларига (64,7 миллиард евро) етиб, 2023 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга ошган.
Financial Times таъкидлаганидек, Россия анъанавий равишда Марказий Осиёда ҳукмронлик қилганига қарамай, унинг Украинада бошлаган уруши Москва авваллари тинчликпарвар сифатида ҳаракат қилган минтақадаги вазиятни беқарорлаштирган. Унинг барқарорликни сақлаб қолиш қобилиятига ишонч, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида ўтган йилги можародан кейин камайди.
Мавзуга оид
01:00
Хитойда 1000 марта ўтириб-туришга мажбурланган ўқувчи бутун умрга ногирон бўлиб қолиши мумкин
21:03 / 04.10.2024
Евроиттифоқ электромобиллар бўйича Хитой билан савдо урушини бошлади
08:00 / 04.10.2024
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида махфий ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим маъқулланди
21:27 / 03.10.2024