Жаҳон | 13:30 / 30.05.2023
5342
2 дақиқада ўқилади

«Росавиация» Москвадаги аэропортлар одатий режимда ишлаётганини маълум қилди

«Росавиация» Москвадаги турар жой биноларига дронларнинг ҳужуми ҳақидаги маълумотлар фонида Москва ва Москва вилоятидаги аэропортлар одатий режимда ишлаётганини эълон қилди. Домодедово, Внуково ва Жуковский «махсус хусусиятларсиз» ишламоқда, дейилади маълумотда. Аэропортлар одатий режимда ишлаётгани уларнинг вакиллари томонидан ҳам тасдиқланди.

Фото: Коммерсант

Москва ва Москва вилояти аэропортлари одатий режимда ишламоқда, деб хабар берди РИА «Новости»га «Росавиация» матбуот хизмати. Аэропорт хизматлари ва авиадиспетчерлар «ҳеч қандай махсус хусусиятларсиз» ишларни амалга оширмоқда, дея таъкидлади идора Москвадаги бир нечта турар жой биноларига дронлар ҳужумини изоҳлар экан.

Россия пойтахтидаги Домодедово, Внуково ва Жуковский аэропортлари нормал режимда ишлаяпти, деб тасдиқлади ҳаво бандаргоҳлари вакиллари.

30 май куни эрталаб Москва мэри Сергей Собянин дронлар ҳужуми оқибатида пойтахт жануби-ғарбидаги бир неча турар жой биноларига бироз зарар етганини айтди. Москвада яшовчиларнинг ҳеч бири жиддий жароҳат олмаган. Унинг сўзларига кўра, икки киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, уларни касалхонага ётқизиш зарурати йўқ.

Шу куни Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев Москвага яқинлашаётганда бир нечта учувчисиз учиш аппаратлари уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Москва вилоятининг айрим туманлари аҳолиси портлаш товушларини эшитган. «Бу бизнинг ҳаво мудофаа тизимимиз», деб тушунтирди Воробьев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид