Жаҳон | 20:52 / 07.06.2023
7428
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий хўжалик шартномалари доирасида форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан Маҳаллий хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисидаги низом қабул қилинди. 

Низомга кўра, форс-мажор ҳолатлар Савдо-саноат палатаси раисининг электрон рақамли имзоси билан, шунингдек, QR-код билан расмийлаштириладиган сертификатни бериш орқали тасдиқланади. 

Талабгор форс-мажор ҳолатларни тасдиқлаш бўйича сертификат олиш учун Савдо-саноат палатасига тўғридан-тўғри ёки унинг расмий веб-сайти орқали мурожаат қилади. 

Палата тақдим этилган ҳужжатларни 1 иш кунида кўриб чиқади. 

Ҳужжатларда камчилик бўлса, талабгорга тўлиқ тақдим этилмаган маълумот ва ҳужжатларни 10 кун ичида тақдим этиш тўғрисида сўров юборилади. 

Форс-мажор ҳолатлар мавжудлигини тасдиқлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор 15 кун муддатда қабул қилинади. 

Сертификат бериш рад этилган тақдирда, 3 кун муддатда талабгорга асослантирилган жавоб хати юборилади. 

Сертификат расмийлаштирилган тақдирда, талабгорга 1 кун ичида хабар берилиб, сертификат расмий веб-сайтда эълон қилинади. 

Сертификат муддатсиз даврга берилади. Сертификат бир марталик хусусиятга эга бўлиб, фақат аризада кўрсатилган шартномавий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. 

Мазкур тартиб ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар шартлари доирасида юзага келадиган форс-мажор ҳолатларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

Мавзуга оид