Нуқтайи назар | 14:47 / 07.06.2023
319916
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ташқи образи қандай бўлиши керак?

Қатар амирининг илк марта Ўзбекистонга келиши – глобал сиёсатда ўз сўзига эга давлатнинг Ўзбекистонга, унинг умуминсоний ва исломий қадриятларга ҳурмати борлигига ишонишини англатади. Сиёсий элита халқаро майдондаги бундай репутациясини йўқотмаслик учун ҳуқуқий ва эркин давлатчилик қуришга интилишини сақлаб қолиши лозим.

Фото: Президент матбуот хизмати

5-6 июнь кунлари Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Самарқандда бўлди. Бу – Қатар амирининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи эди. Ўтган 31 йил давомида, Қатар амирлари Ўзбекистонга бирон марта ҳам келмаганди. Ўзбекистоннинг биринчи президенти И.Каримов 2010 йил ноябрида бир марта давлат ташрифи билан Қатарда бўлганди. Аммо, жавоб ташрифи мана энди амалга оширилди.

Қатар, географик ва аҳоли сонига кўра “кичик” давлат бўлгани билан, халқаро майдонда, айниқса, глобал геосиёсатда салоҳиятли, таъсири номутаносиб равишда катта давлатлардан бири ҳисобланади.

Хўш, нега шу пайтга қадар Қатар Ўзбекистон билан алоқаларни юқори даражага кўтариб, мамлакат раҳбари давлат ташрифи билан юртимизга келмаган эди? Сабаблари кўп. Нафақат иқтисодий, балки, энг аввало, геомафкуравий деган фикрдаман.

Ташқи сиёсат – ички сиёсатнинг давоми ҳисобланади. Ўзбекистон, 2016 йилга қадар ташқи дунёда “диний экстремизм”, “дин билан боғлиқ терроризм” каби атамаларни ниҳоятда кўп ишлатадиган, реал амалиётда ҳам диний қадриятларда таҳдид кўрадиган ва дин билан курашаётган давлат сифатида қабул қилинар эди.

Қатар каби давлатлар, Ўзбекистоннинг бу репутациясини инобатга олмаслиги мумкин эмасди. Шунинг учун ҳам, гарчи, Ўзбекистон – ислом цивилизациясининг ўчоқларидан бири бўлса-да, динни таҳдид сифатида талқин қилаётган, эркин бўлмаган, ҳуқуқий бўлмаган давлат сифатида, чекланган муносабатларни тақозо қилувчи давлат сифатида баҳоланди.

Қатар амирини Самарқандда кутиб ола туриб, президент Мирзиёев “Имом Ал-Бухорий юртига хуш келибсиз!” дея уни қутлади. Ўзбекистон учун, тарихий мерос – жуда катта геосиёсий капитал ҳисобланади.

Ўзбекистон – дунёвий давлат. Дунёвийликнинг асосий тамойиллари – дин ва виждон масалаларида, жабр-зулмлардан холи бўлиш ва зиддиятлар бўлганда, ҳокимиятнинг нейтрал бўлиши ҳисобланади. Лекин айни пайтда, диний қадриятлар – мутлақ кўпчиликнинг дунёқарашини белгиловчи омилдир. Қатар амири Ўзбекистонга келишининг сабабларидан бири – бугунги Ўзбекистоннинг умуминсон ва исломий қадриятларга ҳурмати борлигига ишончининг мустаҳкамлигини кўрсатади.

Ўзбекистон учун ижобий репутация – жуда қимматли ресурс. Репутация – кичик ғиштчалардан, воқеа-ходисалардан қуриб борилади. Ўзбекистон халқаро майдонда ўзи истаган томонлар билан эркин, тенгма-тенг, манфаатли муносабатлар қура олиши учун, ички сиёсатда ҳуқуқий давлатчилик интилишини янада кучайтириш керак.

Ўзбекистон сиёсий тизими ичида, иккита катта қадрият ўзаро курашяпти. Бу қадриятлар ҳар бир мулозим ва сиёсатчининг онгида ҳам курашмоқда. Бир томондан, ҳуқуқий давлатчилик, эркинлик, рационаллик бўлса, иккинчи томондан – хавфсизлик ва барқарорлик. 2016 йилга қадар, хавфсизлик ва барқарорлик – мутлақ монополист қадриятлар бўлди, рационализмни ҳам, ҳуқуқий давлатчиликни ҳам асирга олди, тутқинда ушлаб турди. 2016 йилдан кейин, рационализм ва ҳуқуқий давлатчиликка интилиш анча жўшқин ўсишди. Лекин, бугунга келиб, коридорларда яна хавфсизлик ва барқарорлик қадриятлари серқатнов бўлиб бошлади.

Хавфсизлик ва барқарорлик – фундаментал қадриятлардир. Лекин бу қадриятлар рационализм ва ҳуқуқий давлатчиликдан узилганда, репрессив ва қўпорувчи қадриятга айланишади.

Давлат ўз тафаккури доирасида ҳуқуқий давлатчилик, рационализм ва эркинликка мойиллигини қанчалик сақлаб қола олади, парваришлай олади – мана шу кейинги йиллардаги Ўзбекистон сиёсий тизими олдида турадиган энг катта чақириқдир.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид