Жаҳон | 20:00 / 12.11.2025
6790
7 дақиқада ўқилади

"Иброҳим келишувлари" ва Қозоғистон: янги йўналишми ёки дипломатик рамз?

Яқинда Вашингтонда ўтган “С5+1” саммитида Қозоғистоннинг “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши ҳақида эълон қилинди. Бу қарор минтақа геосиёсий мувозанатига таъсир қиладими? Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида келишувнинг моҳияти, АҚШнинг мақсадлари ва Қозоғистоннинг бу лойиҳадаги ўрнини таҳлил этади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Яқинда Вашингтонда Марказий Осиё беш давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти Трамп иштирокидаги “С5+1” саммити бўлиб ўтди. Бу саммитда айтилган энг муҳим янгиликлардан бири, бу “Иброҳим келишувларига” Қозоғистоннинг қўшилиши бўлди. Хўш, “Иброҳим келишувлари” нима, унинг асосий мақсади ва вазифалари нималардан иборат ва бу келишувга қўшни Қозоғистоннинг қўшилиши – нимани ўзгартиради ёки англатади?

1948 йилда Исроил давлати ташкил топгач, бу янги давлат борган сари Фаластин ерларини босиб олиш ҳисобига кенгайди. Исроил ташкил топиши жараёнида араб давлатлари, қолаверса, кўплаб мусулмон давлатлари бу янги давлатни биргалашиб тан олиш-олмаслик борасида келишувга эришишди. Бу келишувни “Тан олмаслик борасидаги пакт” деб номлашди. Мақсад – Исроил ташкил топганда, Фаластин ҳам ташкил топишига эришиш, давлат сифатида эътироф этилишини, фаластинликларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эди. Бироқ йиллар давомида Исроил кенгаяверди, Фаластин ҳудудлари тортиб олинаверди, фаластинликлар эса дарбадар бўлиб қолаверди.

Шу сабаб араб давлатлари 1979 йилга қадар Исроилни тан олмади, у билан тинчлик келишувларига бормади. Бу ҳолатни биринчи бўлиб Миср Араб Республикаси 1979 йилда бузди ва Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, босиб олинган Синай яриморолини қайтариб олди. Яна ўн беш йил танаффус бўлди ва 1994 йилга келиб Исроил билан Иордания дипломатик алоқалар ўрнатди. Бунда АҚШ Президенти Клинтоннинг воситачилиги муҳим эди. Шу билан, кейинги ўттиз йилда бирон бир давлат Исроилни расман тан олмади, дипломатик алоқалар ўрнатмади. Токи АҚШ ҳокимиятига 2017 йилда Трамп келмагунича.

Трамп ўзининг биринчи тўрт йиллик ваколати вақтида Яқин Шарқ бўйича энг катта лойиҳа сифатида “Иброҳим келишувлари”ни ўртага ташлади. Трамп лойиҳасига кўра, минтақанинг барча давлатлари Исроилни тан олиши, у билан дипломатик ва савдо иқтисодий алоқаларни ўрнатиши ҳамда кучайтириши керак эди. Иброҳим келишувлари лойиҳасига кўра, Яқин Шарқ – АҚШнинг таъсири ва назорати остида бўлган ва марказида Исроил манфаатлари турадиган макро минтақа бўлиши керак эди. Иброҳим келишувларига кўра, Трамп барча минтақа давлатларини ўзаро яраштириб, бу минтақадан Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси ва уларнинг яқин иттифоқчиларини “ўйиндан” чиқаришни ният қилган эди. Шу сабаб Трамп минтақа давлатларига жиддий босим қилди ва бу босимлар ўз мевасини берди ҳам.

2020 йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Баҳрайн Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатди, тинчлик битими имзолашди. 2020 йилнинг декабрида “Иброҳим келишувлари”га Мағриб давлати ҳам қўшилди. 2021 йилнинг январь ойида бу келишувга Судан ҳам қўшилди. Бироқ минтақанинг бошқа давлатлари нафақат бу келишувга қўшилмади, ҳатто бу келишувни “Фаластинга, Қуддусга хиёнат” сифатида талқин ҳам қилишди. Жумладан, бир вақтлар Исроилни тан олган Туркия БААдаги ўз элчихонасини ёпиш билан дағдаға ҳам қилди, бироқ бу қадамга бормади. “Иброҳим келишувлари” борасидаги энг катта интрига – бу Саудия Арабистони атрофида кечмоқда. Бироқ Саудия Арабистонининг кейинги бир йилдаги Исроилга позицияси анча кескинлашди ва Фаластин давлати реал ташкил топмагунича Исроил билан муносабатлар ўрнатиш нияти йўқлигини қатъий билдириб улгурди ҳам.

Хўш, Қозоғистон-чи? “Иброҳим келишувлари”га Қозоғистоннинг қўшилишини икки даражада таҳлил қилиш мумкин. Биринчи даража, бу дипломатик алоқалар. Маълумки, собиқ СССР қулаб, МО давлатлари мустақил бўлгач, барча минтақа давлатлари Исроилни тан олган эди. Жумладан, Қозоғистон ҳам 1992 йилнинг 10 апрелида Исроилни расман тан олган, 1996 йилда бу икки давлат бир-бирида элчихоналар ҳам очган эди. 2016 йил декабрида Исроил бош вазири Нетаняҳу Қозоғистонга келиб кетган ҳам эди. Бу мантиққа кўра, Қозоғистоннинг “Иброҳим келишувлари”га қўшилиши – ғалати. Чунки Қозоғистон аллақачон Исроил билан дипломатик алоқаларга эга, улар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам ўз маромида кетмоқда.

Иккинчи даража – бу “Иброҳим келишувлари” лойиҳаси остида АҚШнинг минтақани геостратегик қайта форматлаш, Хитой ва Россияни ҳамда уларнинг минтақадаги, катта Евросиё қитъасидаги иттифоқчиларини заифлаштириш, стратегик ташаббусни Исроил марказда турувчи АҚШ бошчилигидаги команда томонига ўтишни таъминлаш бўлса, бу лойиҳага Қозоғистоннинг қўшилиши – унинг кўп векторли сиёсатини қайта кўриб чиқишни тақозо қилади.

Маълумки, Қозоғистон ташқи сиёсатда ўзининг энг ишончли ҳамкорлари сифатида Хитой Халқ Республикасини, Туркияни кўради. Россия билан ҳам муносабатларни салбийлаштириш ниятида эмас. Ушбу барча уч давлат учун “Иброҳим келишувлари” – геосиёсий ёқимсиз лойиҳа ҳисобланади, чунки бу лойиҳанинг марказида Исроил ва АҚШ туради. Хўш, Қозоғистон ҳақиқатда ХХР, Туркия ва РФ билан муносабатларни пастга тушириб, Исроил ва АҚШ командасига ўтиш ниятидами? Менимча – йўқ. Тўқаев шунчаки Трамп ташаббусига “хўп бўлади” деб жавоб беришга ҳаракат қилди. Лекин шу “хўп бўлади” дейиш ҳам Қозоғистоннинг ташқи сиёсатидаги мувозанатни бироз бўлса-да чайқайди.

Ўзбекистон эса кейинги 8-9 йилда бирон бир геосиёсий чайқалишларга йўлиқмади, геосиёсий зўриқишларга тортилишга имкон ҳам бермади. Бу маънода Ўзбекистон ташқи сиёсати анча онгли ва маҳоратли дипломатия эканлиги яққол кўриниб турибди.

Мавзуга оид