21:41 / 12.06.2023
11549

5 млн сўмгача устама, солиқ имтиёзи ва янги шифохона. Президент – Қорақалпоғистон тиббиёти ҳақида

Қорақалпоғистоннинг олис ва чекка овулларида ишлаётган барча малакали тиббиёт ходимларига 5 млн сўмгача устама берилади. 6 та туманда эса устама миқдори 200 фоизга кўтарилади. Қорақалпоғистон аҳолисининг стационарда даволаниш харажатлари даромад солиғидан озод қилинади.

Фото: ЎзЛиДеП

Тошкентда мавжуд бўлган барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилади, олис ва чекка овуллардаги тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда айтиб ўтди.

Президентликка номзоднинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистондаги Онкология ва радиология маркази филиали учун янги бино қурилади ва замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унинг ҳудудида беморларнинг яқинлари вақтинча яшаб турадиган ётоқхона барпо этилади.

Келаси йилдан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғиротда ҳам 200 фоизлик ойлик устама тўлаш йўлга қўйилади. Таъкидланишича, ҳозирда устама 100 фоиз бўлгани учун, бу туманларга врачлар бормаяпти.

Шунингдек, Қорақалпоғистондаги олис ва чекка овулларда ишлаётган барча малакали тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади.

“Фақат Қорақалпоғистон учун, аҳолининг стационарда даволаниш харажатларини даромад солиғидан озод қилсак, ўйлайманки, адолатли иш бўлади”, – деди Мирзиёев.

Ижтимоий реестрга кирган аҳоли ордер асосида Тошкент шаҳри ёки бошқа вилоятга даволанишга келганида, уларга авиа ва темирйўл харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Шу билан бирга, қорақалпоғистонлик болаларга юқори технологик операциялар учун ҳомийлик қилган тадбиркорларнинг ушбу харажатлари солиқ ундириш базасидан чегириб ташланади.

Мавзу
Президентлик сайлови-2023
Ўзбекистонда 2023 йил 9 июл куни муддатидан илгари президенти сайлови бўлиб ўтади. Янгиланган Конституцияга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилган.
Барчаси
Top