21:13 / 16.06.2023
11812

“Қўл бошқаруви”дан тизимли бошқарувга: ҳукумат олдида қандай муаммолар турибди?

2022 йил 20 декабр куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи ва парламентига мурожаат қиларкан, энди ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилишини айтганди.

У бу борада, шунингдек, энди “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келганини ҳам айтган.

Мирзиёевнинг мурожаатидан кейин бугунга қадар деярли 6 ой вақт ўтди. Хўш, бу ўтган вақт давомида ўша таклиф қилинган “тизимли” бошқарувга ўтиш борасида нима ишлар қилинди, мутахассислар-чи, бу ишларни қандай кўрмоқда, сезяптими? Ўзи умуман тизимли бошқарув нима-ю, қўл бошқаруви нима?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар юзасидан сиёсатшунос Фарҳод Толипов, ҳуқуқшунослар Лола Саидова ва Жўрабек Неъматов билан интервью ўтказди.

— Қўл бошқаруви ва тизимли бошқарув нима дегани ўзи? Улар қандай қонун-қоидалар ва асос устига қурилади? 31 йиллик бошқарувдан кейин биз нега бугун тизимли бошқарувга ўтиш ҳақида гапириб қолдик?

Икки бошқарувнинг оқибат ва натижалари ҳақида ҳам.

Фарҳод Толипов:

— Қўл бошқаруви дегани тизимлар, қонун-қоидалар ва сиёсий институтлар билан бошқариб бўлмайдиган шакл. Яъни бунда аниқ бир вазиятни бошқариш учун субъектик омиллар ишлайди. Дейлик, давлат раҳбарининг аралашуви қайсидир вазиятда ёки мавжуд қонун ишлаши учун ҳам маълум буйруқ бериш. Тизим ишламай, ходимларнинг қўлидан ушлаб етаклаб юришдек. Бундай ҳолат давлат органлари номукаммал ишлаётганидан дарак беради. Бу эса нодемократик давлатларга хос, чунки сиёсий институтлар ишламайди. Қарорлар номукаммал, ўзгарувчан бўлади.

Қўл бошқаруви иерархик тузилмаларга эга давлатларга хос, яъни ҳокимият вертикали, бунда юқоридан келадиган буйруқларга қараб қолинади. Қарорлар, қонунлар эса тактик бўлади, стратегик эмас, яъни узоқни кўзлаб қилинмайди, фақат маълум вазият учун хос бўлади. Мана шундай «касалманд» тизимларда қўл бошқаруви пайдо бўлади.

Лола Саидова:

 — Ҳар қандай давлат ва жамият бошқаруви турли тизимлар ва мавжуд қоидаларга асосланади. Ҳар бир соҳада қонун-қоидалар бор. Тизимли бошқарувда дастлаб ҳуқуқий меъёрий ҳужжатлар бўлади, кейин эса молиявий масалалар ва кадрлар масаласи. Булардан кейин эса назорат, мувофиқлаштириш ишлари. Бундай шаклдаги бошқарув бутун дунёда қўлланади.

Жўрабек Неъматов:

— Тизимли бошқарув бу — тўғри бошқарув. Яъни бирор бир шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолда механизм ишлаб туради худди соат каби. Бу нарса давлатдаги ҳолатни барқарор сақлайди. Хорижий инвесторлар бундай давлатга қизиқади, ҳуқуқлари таъминланишини кўради. Тизимли бошқарувда биринчи навбатда ҳуқуқий давлат принципи юқори бўлади ва ҳамма қонун-қоидаларга бўйсунади, ким бўлишидан қатъи назар.

Қўл бошқарувида бунинг тескариси бўлади. Қатъий қонун-қоидаларга эмас, маълум бир раҳбарнинг субъекти билан амалга ошади ишлар. Бу эса барқарор бўлмаган муҳитни келтириб чиқаради давлатда. Собиқ иттифоқдан қолган маъмурий буйруқбозлик бор бизда. Бўғинлардаги ходимлар кутиб ўтиради айнан юқоридан топшириқ бўлишини. Японияда ҳар битта вазирлик бўйича ҚОНУН (айнан қонун) бор. Парламент томонидан қабул қилинади ва вазирликларнинг йўналиши, вазифалари, жавобгарлиги аниқ белгилаб қўйилади. Бошқа бир органларнинг ишига аралаша олмайди қайсидир вазирлик ёки идора. Бундан ташқари, ўша қабул қилинган қонун ишламайдиган ҳолат бўлса, фуқаролар, бошқа ташкилотлар, ҳуқуқ органлари томонидан маълум бир таъсир чоралари қўллаш мумкин. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов.

Top