“Бусиз тизим ўзгариши маъносини йўқотиши мумкин”, – дейди депутат.

— Аралаш сайлов тизимига ўтилаётгани Ўзбекистондаги сунъий тузилган, ғоясиз, электоратсиз, ҳокимият учун курашмайдиган партиялар билан ёпиқликка қараб кўпроқ сингиш хавфини пайдо қиладигандек.

Дониёр Ғаниев, Қонунчилик палатаси депутати

— Чиндан ҳам ғоявий курашлар йўқ, бу ўринли гап. Аммо пропорционал сайлов тизими ёпиқликка олиб келиши ҳақидаги фикрингизга қўшилмайман. Биз ярим мажоритар, ярим пропорционал тизимга ўтяпмиз, тўлиқ эмас. Ҳали ҳам 75 та ўринга депутатларни халқ сайлаши мумкин, қолган 75 таси пропорционал тизимга ўтяпти. Бунда иккала тизимдан ҳам фойдаланиш, камчиликларини бартараф этиш мумкин бўлади.

Мажоритар тизим доим ҳам ўзини оқламайди. Масалан, Буюк Британияда мажоритар тизим ва у ерда фақат иккита партия ҳукмронлиги бор. Мажоритарнинг ёмон томони ҳам шу, янги партиялар кириб келиши жуда қийин бўлади. Британиядаги «Яшиллар» партияси сўнгги вақтларда 15-20 фоиз овоз оляпти, лекин ошиб борса, парламентда 2 кишилик фракцияси бўлади. Бу дегани парламент одамларнинг хоҳиш-иродасини тўлиқ акс эттирмаяпти, АҚШдаям шунақа, фақат иккита катта партия. Пропорционал сайлов янги партиялар учун шароит яратиб беради.

Ҳозир шу ишни қилишимиз керак. Эртага қайсидир партиянинг ғояси бутунлай эгаллаб олса, қаршилик катта бўлади. Ҳозир партиялар 5 та, лекин кўпаяди ҳали, одамларнинг сиёсий онги ошиб боряпти.

Агар пропорционал тизимга ўтилса, партиялар ғоявий ва билдириладиган ташаббус томондан ажралади. Мажбур бўлади шунга. Партия ғояларини тарғиб қилишга эҳтиёж йўқ эди мажоритар тизимда. Энди партиялар олган овозлар тахлил қилинади, тарозига қўйилади. Ҳозирги партияларнинг даражасида бунчалик ўзгариш бўлиши қийиндек кўринади, лекин бир қонун қабул қилаётганда эртани ўйлаш керак.

Фарҳод Толипов, сиёсий таҳлилчи

— Бу масалага тизимли ёндашувни таклиф этган бўлардим. Бирор бир тизим идеал эмас, тўғри. Қўшимча масалалар ҳам бор бу ерда. Яъни халқнинг сиёсий онги, маданияти, мавжуд тузумнинг характери, партиялар шаклланиш қонунлари, нима учун шаклланолмаётгани, тарихий муҳит каби бир қанча жиҳатлар.