Сиёсатшунос: сув бўйича экологик оқибатлардан Афғонистоннинг ўзи ҳам жабр кўриши мумкин
Сиёсатшунос Фарҳод Толипов “Қўштепа” канали туфайли юзага келиши мумкин бўлган экологик оқибатлардан нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки Афғонистоннинг ўзи ҳам жабр кўриши мумкинлигини маълум қилди.
Марказий Осиёнинг бешта давлати раҳбарлари Берлинда бўлиб турибди. Марказий Осиё минтақаси Европа учун ҳам янги аҳамият касб этмоқда. DW Марказий Осиё ва Ўзбекистон бўйича махсус дастурни тақдим этди.
Сиёсатшунос, “Билимлар карвони” нодавлат илмий муассасаси директори Фарҳод Толиповнинг сўзларига кўра, сув етишмовчилиги туфайли юзага келиши мумкин бўлган экологик оқибатлардан нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки Афғонистоннинг ўзи ҳам жабр кўриши мумкин.
“Афғонистонда ҳозир вазият кескинлашмоқда. “Толибон”нинг ўзи мамлакатни бошқаришда қийинчиликларга дуч келяпти, бундан ташқари, бошқарилмайдиган ҳамда назоратга эга бўлмаган турли экстремистик ва террорчилик ташкилотлари пайдо бўляпти. Бу жиҳатдан ушбу давлат ҳудудидан турли чақириқлар пайдо бўлиши мумкин”, дейди Фарҳод Толипов.
У Афғонистонда қурилаётган “Қўштепа” канали ва сув муаммоси масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
“Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувида “Қўштепа” канали ҳам тилга олинди. Ўзбекистон президенти минтақада сувдан фойдаланиш жараёнида мамлакатлар билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди, деди. “Толибон” бу канални Марказий Осиё давлатлари билан маслаҳатлашмасдан, бир томонлама қуришни бошлади. “Толибон”ни жараённи муҳокама қилишга жалб этиш - канал бир томонлама тарзда қурилганидан кейин юзага келиши бўлиши мумкин бўлган оқибатларни бартараф этишга қаратилган ҳаракат.
Канал қурилмаслиги идеал ҳолат бўларди. Сабаби, канал қурилишини оқлаш учун айтилаётган гап жуда содда - Афғонистон Амударёнинг нариги соҳилида жойлашгани уларга дарё бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқини беради. Аммо мамлакатнинг фақат қайсидир жуғрофий ерда жойлашганини эмас, балки сув оқимининг ўзига хослиги, иқлим ўзгаришлари, геосиёсий омиллар, Афғонистон ва дунёдаги барқарорлик масаласини ҳам ҳисобга олиш керак.
Канал жуда оддий усулда қурилмоқда. У қуриб битказилганидан кейин жуда катта сув ҳажми ерга оқиб кетади. Шундоқ ҳам суви камайиб бораётган Амударё канал қурилгандан кейин янада камаяди. Экологик оқибатлардан нафақат Марказий Осиё давлатлари, балки Афғонистоннинг ўзи ҳам жабр кўриши мумкин”, деди у.
Мавзуга оид
22:45 / 02.11.2024
Қўштепа канали бўйича афғон-ўзбек музокараларнинг учинчи босқичи Тошкентда ўтказилади
12:52 / 30.07.2024
Қўштепа каналини қуришнинг иккинчи босқичи 58 фоизга якунланди
18:46 / 14.07.2024
“НАТО – дунё учун хавф дегани эмас” – сиёсатшунос эксперт
09:56 / 04.06.2024