Жаҳон | 19:01 / 18.06.2023
11074
8 дақиқада ўқилади

Улкан маъно кўламига эга фильм — V for Vendetta ҳақида

Ғоя кучи, фанатизм оқибатлари, анархизм, демократия, диктатура кураши, пропаганда, нафратга йўналтирилган ватанпарварлик — буларнинг барчасини бир филмда кўриш мумкин. Деярли ҳеч қандай киномукофотларга эга чиқмаган, бироқ мухлисларнинг юқори баҳосига сазовор бўлган картина ҳақида.

Филм ўзи нима ҳақда?

V for Vendetta фильми Гай Фокс ниқобини таққан, ҳақиқат қидирувчи, бир неча йилдан буён мамлакатда ялпи назорат ва ҳарбий диктатура ўрнатган ҳукуматга қарши курашувчи, ўтмишда унга даҳшатли азоб берган инсонлардан қасос олувчи V исмли шахс ҳақида.

Шунингдек, V томонидан қутқарилган, мухолифат вакили бўлган ота-онаси ҳукумат буйруғи билан қамоққа олиниб, ҳалок бўлган, V’нинг шеригига айланган Иви образи ҳам фильмнинг бош қаҳрамонларидан бири.

Картинада V’нинг қасос, анархизм ва демократия йўлидаги кураши ва Ивининг бундаги роли тасвирланади.

V ниқобини тақиб юрувчи Гай Фокс ким?

Бунинг тарихи XVII асрга бориб тақалади. Бу даврда Англия аллақачон «денгизлар ҳукмдори» мақомига эришган, дунёнинг қудратли давлатига айланганди. Олдинги ҳукмдор, Елизавета I мамлакатда опаси Мария ўтказган Контрреформацияни бекор қилиб, протестантликка ҳомийлик қилади. Бу эса мамлакатдаги католиклар норозилигига сабаб бўлади.

Улар Елизавета вафот этгач, унинг валиаҳди деб эълон қилинган Шотландия қироли, католик Жеймс VI’га умид боғлайди. Чунки Англиядан фарқли равишда, Шотландияда католик оқими ҳали анча мустаҳкам эди. Бироқ Жеймс I номи билан Англия тахтига ўтирган Жеймс VI, аксинча, протестантликка ҳомийлик қила бошлайди. Натижада, католиклар мамлакатда Контрреформация ўтказишга ва ҳокимиятни яна католиклар қўлига қайтаришга аҳд қилади.

Улар қирол ва протестантлар кўпчиликни ташкил қилувчи парламентни йўқ қилиш учун фитна тайёрлайди. Тарихда бу фитна «порох фитнаси» деб аталади. Фитначилар 1605 йил 5 ноябрда, қирол парламентнинг ҳар икки палатаси йиғилишида нутқ сўзлаётган пайтда парламент биносини порох ёрдамида портлатишни мақсад қилади.

«Порох фитнаси»нинг энг машҳур аъзоси Гай Фокс эди. У парламент остига жойлаштирилган порохни назорат қилиб туриши ва портлатиши керак эди ва шунинг учун бошқа фитначилар пойтахтни тарк этса-да, Фокс Лондонда қолади. Аммо фитна хабари, унга жуда кўп одам жалб қилингани туфайли, қиролга яқин инсонларгача етиб боради ва у амалга ошмайди. 1605 йил 4 ноябр куни ярим тунда қироллик аскарлари парламент биноси ертўласидан Гай Фокс ва порох солинган ўнлаб бочкаларни топади.

Фитнанинг барча иштирокчилари, жумладан Фокс ҳам қатл этилади. Қирол буйруғи билан 5 ноябр «нажот куни» деб эълон қилинади. Шундан сўнг Англия аҳолиси ҳар йилнинг шу кунида «Гулхан куни» ёки «Гай Фокс кечаси» байрамини ўтказади ва Фокснинг сомон ҳайкалчалари ёқиб юборади.

Гай Фокснинг бундай машҳурлик ва рамзга эга бўлишига омманинг турли фитна ва жиноятларга қизиқиши тўлқини сабаб бўлган. Ҳозирда Гай Фокснинг турли буюмлари Лондондаги музейларда сақланади.

Зиддиятларга тўла филм

Филмдаги V кимлар учундир террорчи (унинг ҳаракатларида ҳақиқатан ҳам террор аломатлари бор), кимлар учундир эса қаҳрамон, худди Гай Фоксдек. Бироқ Фоксдан фарқли равишда V диний фанатик эмас (у полициячи билан суҳбатида диктатор Сатлер қанчалик кўп ҳокимиятга эга бўлса, шунчалик фанатик, қаттиққўл бўлишини айтади). Унинг ғояси диктатурани анархия йўли билан ағдаришдир.

У миллатчилик, фанатизм, цензура, ялпи назорат, давлатни бошқаришда кучга таянишга қарши. У эркинликни хоҳлайди, инсонлар ўз фикрини қўрқмай айта оладиган, барча ҳуқуқларга эга бўлган ва қўрқувсиз яшайдиган жамият қуришни ният қилган. Аммо, бу йўлда у қотиллик қилишдан тоймайди. Бундан ташқари, ҳукуматга нисбатан унинг шахсий адовати ҳам бор.

V’нинг анархист ёки демократлиги ноаниқ. У анархия орқали диктатурани енгиш кераклигига ишонади, одамларни шунга даъват қилади, аммо демократик қадриятлар учун курашади.

Унинг шеригига айланган Иви эса ота-онаси ҳукумат томонидан ўлдирилган бўлса-да, мухолифатчи бўлишга журъати етолмайди. У ҳокимиятнинг асосий пропаганда канали бўлмиш British Television Network’да ишлайди. Унинг V билан танишиб қолиш саҳнаси ҳам мажозий.

Ивида ҳам V’даги каби қарама-қаршиликлар кўп. У тинч ҳаётни хоҳлайди, бироқ ота-онаси, укаси учун қасос олишни ҳам истайди ва бу йўлда қон тўкишни хоҳламайди. Унда демократик-либерал руҳ кўпроқ, яъни Иви барчасини куч ишлатмасдан ўзгартириш мумкинлигига ишонади. У V’га ёрдам беришни истайди, лекин қотилликларсиз.

Шунингдек, филмда V’нинг изига тушган, бироқ тергов давомида ҳукуматнинг даҳшатли ишларидан хабар топган полициячи характеридаги зиддиятлар ҳам очиб берилган. Унинг филм интиҳосидаги ҳаракатлари эса бу зиддият уни қанчалик ўзгартирганини кўрсатади.

Ишоралар

Филмдаги кўплаб эпизодлар реал ҳаётдаги воқеа ва ҳодисаларга ишора қилади. Масалан, Англияда ўрнатилган ягона партия бошқарув тизими ва мамлакатни канцлер бошқариши бу шубҳасиз, Коммунистик партия ва Биринчи котиб, яъни СССРга ишора. Англия канцлери Адам Сатлер ўрнатган тузум, яъни мутлақ ҳукмронлик, цензура, пропаганда, ҳарбий диктатура ҳам СССРни ёдга солса-да, бошқа давлатлар, жумлaдан Шимолий Кореяга ҳам ишора қилиши мумкин.

Филмда Ҳитлер Германиясига ҳам тақлидлар бор. Хусусан, канцлер Сатлер мамлакатдаги хаосни тугатиб, фашистик тузум ўрнатади (Ҳитлер ҳам Германияда коммунистлар ва SD’чилар хавфини йўқ қилиб, «тартиб» ўрнатган). Шунингдек, у фюрер каби моҳир нотиқлиги билан ажралиб туради ва қизил-қора рангли байроқдан фойдаланади.

Филмдаги бетакрор иқтибослар

«Бу ниқоб остида нафақат тана, балки ғоя ҳам бор. Ғоя эса ўқдан қўрқмайди»

«Гарчи мулоқот ўрнига дубинкадан фойдаланиш мумкин бўлса-да, сўз ҳеч қачон ўз қудратини йўқотмайди. Сўз уни тинглаган инсонларга маъно ва ҳақиқатни етказади»

«Рақссиз инқилоб, уни амалга оширишга арзимайди»

«Рассом учун ёлғон — ҳақиқатни очиш имконияти, сиёсатчи учун эса уни яшириш имконияти»

«Бизга алоҳида шахсни эмас, балки ғояни эслашни ўргатишади. Чунки инсон заиф. Уни қўлга олиш, ўлдириш ва унутиш мумкин. Аммо орадан 400 йил ўтиб ҳам ғоя дунёни ўзгартириши мумкин. Мен ғоя кучи нима эканлигини шахсий тажрибамдан биламан. Мен қандай қилиб ғоя номидан қотилликлар содир этилганини, одамлар қандай қилиб ўлимга борганини кўрдим. Аммо ғояга тегиниш, қучоқлаш мумкин эмас. Ғоя қонга ботмайди. У оғриқни ҳис қилмайди. Ғоя севишни билмайди».

«Бу давлатнинг хавфсизлиги тўлиқ ва мутлақ қарамликка боғлиқ».

«Vi veri veniversum vivus vici — Ҳақиқат қудрати ёрдамида мен, тирик жон, коинотни забт этдим» («Фауст» асаридан).

Мавзуга оид