Филм келиб чиқишига кўра ирландиялик бўлган режиссёр Мартин Макдонаҳнинг тўртинчи бадиий филми саналади. Макдонаҳ асли сценарист сифатида танилган. Эътиборни тортадиган жиҳат ҳам филмнинг пухта сценарийсидир.

Филм нега бу қадар шов-шув қўзғади?

Филм шу кунгача сиз кўрган киноларнинг одатий мотивидан тубдан фарқ қилади: узоқ йил оролда бирга дўст бўлиб яшаган икки одамнинг дўстлиги ногоҳон тугайди. Биринчиси (Колм) дўстликка нуқта қўяди. Иккинчиси эса (Патрик) бунинг сабабини ҳеч тушуна олмайди ва шунчаки дўсти аразлаб олган деб кечирим сўрайверади. Дўстидан садо чиқавермагач, хира пашшадек ёпишади. Бунга жавоб сифатида Колм агар унга собиқ дўст яна бир оғиз гапирса, ўз бармоқларини кесиб ташлашини айтиб таҳдид қилади ва филм якунида у 5 бармоқсиз қолади. Кинодаги асосий сюжет мана шу. Лекин мана шу бир қарашда зерикарли кўринадиган воқеалар ортида нима ётибди? Бунинг учун кинодаги ҳар бир детални алоҳида майдалаб кўриб чиқишга тўғри келади.

Филм воқеалари Инишерин оролида бўлиб ўтади. Инишерин тўқима ном бўлиб, Ирландиянинг бир оролига нисбатан қўлланган. Филмда кўрсатилган давр – 1923 йил. Ирландияда фуқаролар уруши давом этаётган палла. Орол кичкина ва унда саноқли одам яшайди. Банши сўзи ҳам ирланд (келт) мифологиясидан олинган. Ўлим хабарчиси бўлган аёл маъносига эга.

Мана шу кичик оролда Колм ва Патрик узоқ йиллар дўст бўлиб келишган. Улар соатлаб суҳбат қуришади, Патрик кундузлари эшак ва сигирларини ўтлатади, кеч киргач бутун орол аҳолиси маҳаллий пабга йиғилиб, вақтичоғлик қилади. Ҳар иккиси-да уйланмаган, ёлғиз. Оролдагиларнинг деярли барчаси оила қурмаган. Патрикнинг синглиси ҳам бор, у ҳам оиласиз, қолган қаҳрамонлардан фарқли равишда оролдаги ҳеч ким билан гаплашмайди, вақтини китоб ўқиб ўтказади. Патрик ўзининг эшагига, Колм эса итига ғамхўрлик қилади. Улар суҳбатлашадиган мавзулар бири ҳам эшак гўнги ҳақида.

Филм Колмнинг Патрик билан ортиқ гаплашишни истамаслигидан бошланади. Колм энди бу суҳбатларни маъносиз деб топади ва ҳаётида тайинли, маъноли иш қилмоқчи. Патрик эса ҳеч вақони тушунмайди. Колм Патрик билан икки соат унинг эшагининг гўнги ҳақида суҳбатлашиш маъносиз эканини қанчалик айтмасин, Патрик ҳайронлигича қолаверади. «Хўп, Колм, сен маъноли нима иш қилмоқчисан? Мен мусиқа ёзаман, чунки мусиқа абадийдир». Бу Колмнинг Патрикка жавоби эди.

Патрик энди ўзидан шубҳалана бошлайди, демак, мен билан суҳбатлашиб бўлмаса, мен аҳмоқманми? Синглиси, оролдагилар унинг аҳмоқ эмас, аксинча, самимий эканини айтишади. Аммо Патрикнинг ўзига шубҳаси ортаверади, ҳатто полициячи уни урганда, йиғлаб ҳам олади. Ўзига шубҳаси ортганидан бадтар ғазабга минади. Колм унинг кўкрагидан итариб, бошқалар билан қуюқ муносабатда эканини қабул қилолмайди. Бу «самимий» қаҳрамон Колм билан дўстлашган мусиқачини оролдан кетказиш учун «сенинг отанг ўлибди» деб ёлғон уюштиради. Ва буни бориб ҳатто Колмнинг ўзига айтади.