Жаҳон | 14:20 / 20.06.2023
28754
7 дақиқада ўқилади

Дунё океанлари исияпти. Кейинги тахминлар қандай?

Океанлардаги ҳарорат Ер юзида иқлим ҳолатига таъсир қилади. Яқинда ўтказилган кузатувларга кўра, Атлантика ва Тинч океанларида ҳарорат кутилмаган тарзда кўтарилишни бошлаган. Ва бу Ер юзининг айрим ҳудудларида ёмғирларнинг кескин ошишига ёки аксинча қурғоқчилик авж олишига олиб келиши мумкин.

Атлантикада юқори ҳарорат

Атлантика океанида рекорд даражадаги сув ҳарорати сабаб қалқиб чиққан саргассум денгиз ўтлари. Фото: Getty images

14 июн куни Атлантика океанидаги ўртача ҳарорат 22,7 даражага етди. Умуман олганда бу юқори эмас, лекин Атлантика океанининг шу давридаги одатий ҳароратига нисбатан баланд. Чунки океандаги ўртача ҳарорат одатда 20 даражани ташкил қилиб келган. 2 даража баландлик океанда ортиқча иссиқлик тўплангани ва ёз давомида ҳарорат яна исишини англатади. Принстон университети иқлимшунос олими Габриел А.Веcчига кўра, бу йил ёз ноодатий иссиқ бўлади ва Атлантиканинг иссиқ оқимлари дунёдаги ҳароратни ҳам ўзгартириши мумкин.

Атлантика океани юзасидаги ҳарорат Бразилия, Ҳиндистон, Африканинг Саҳел ҳудуди ва АҚШнинг жануби-ғарбий ҳудудларига таъсир ўтказади. Ҳарорат 26 даражага чиқса, ҳалокатли бўронларни пайдо қилади ва океан сатҳини оширади. Бу эса 3 миллиард одамни боқадиган балиқ захирасини қисқартириши мумкин. Исиш фақатгина Атлантикада эмас, бошқа океанларда ҳам кузатиляпти. Масалан, Тинч океанида содир бўлаётган Эл Нино ҳодисаси ҳам глобал ҳарорат ошишига сабаб бўляпти.

Эл Нино нима? 

Фото: NOAA

Тинч океанининг марказий ва шарқий қисмида сув юзасининг иссиқ ёки ўртачадан баланд ҳароратда бўлиши Эл Нино ҳодисаси деб номланади. Бу ҳудудда совуқ ҳаво оқимлари тўпланиши эса Ла Нино дейилади. Иқлимшунослар бу икки жараённи дунё иқлимининг «мотори» дейишади. Яъни уларга қараб фасллардаги ҳароратни тахмин қилиш мумкин. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов буни шундай тушунтиради.

«Охирги 3 йилликдаги Ла Нино фаоллиги бизнинг минтақада антициклонлар ривожланиши фонида қиш-баҳор мавсумида тўсатдан кириб келувчи аномал совуқ ҳаво тўлқинларини ошириб юборди. Бу йил март ойидан эса Ла Нино ўрнини Эл Нино эгаллаган. «Эл-Нино» фенемон ҳодиса иқлим катаклизмлари частотаси ортиши материк марказида давомли қурғоқчилик ва тўсатдан юзага келувчи жадал ёғинлар хавфини кўпайтиради», – деб ёзади у.

Эл Нино сабаб Малайзияда ёнган экинлар. Фото: Getty images

Миллий об-ҳаво хизмат берган маълумотга кўра, 2023-2024 йил қишлари давомида Эл Нино ҳодисаси Шимолий яримшарда сақланиб туради ва аста-секин кучайиб боради. Прогнозларга кўра, бу ҳодиса дунёда иссиқлик рекордини янгилаши, Жанубий Америкада ёғингарчиликнинг кўпайиши, Африкада қурғоқчиликнинг кучайиши ва дунё иқтисодиётига зарар етишига сабаб бўлади.

Эл Нино сабаб дунё иқтисодиёти энг катта йўқотишлардан бирини 1997-1998 йилларда бошидан кечирган. Scinece журналининг яқинда эълон қилган ҳисоб-китобларига кўра, ўшанда дунё давлатлари иссиқ сабаб 5,7 триллион долларлик йўқотишларга дуч келган. Бунга 23 минг ўлимга сабаб бўлган бўрон ва сув тошқинлари ҳам киради.

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, агар давлатлар иссиқхона газларини камайтириш бўйича берган ваъдасини бажарган тақдирда ҳам Эл Нино ҳодисалари аср охиригача 84 триллион долларлик йўқотишларга олиб келиши мумкин. Эл Нинони кузатишдан мақсад – иссиқ оқимлар қачон, қандай ривожланишини прогноз қилиш ва шу орқали дунёни бунга тайёрлаш учун вақтдан ютиш ҳисобланади.

Океанларда ҳарорат ошиши янгиликми?

Йўқ, янгилик эмас. Океан сув юзасида иссиқ ва совуқ оқимлар ҳаракати доим бўлган ва давом этаверади. Унда нега бу ҳақда кўп ёзиляпти? Гап шундаки, океанлар юзасининг исиши инсоният учун ҳозир кўпроқ фалокатли. Чунки атмосферага CО2 ташламалари кескин ортган ва улар ўзига қуёшдан кўп иссиқлик сўриб, яна океанларга тушяпти. Океанларда ҳарорат кўтарилиб борса, сув CО2ʼни яхши сўрмайди. Океанлар суви совуқроқ бўлса, CО2ʼни яхши сўриб тезроқ совитади. Натижада океанларда кўпроқ иссиқ энергия тўпланиб бораверади. Бу – инсоният шу пайтгача гувоҳ бўлмаган ҳалокатларга тайёр туриш кераклигини англатади.

1950 йиллардан бери океанлар жуда катта миқдорда иссиқлик энергиясини сўриб олган Фото: NASA

NASA маълумотларига кўра, 1955 йилдан бери океанлар 345 зеттажоул энергияни ўзлаштирган. Бир зеттажоул бир йилда дунёдаги барча атом электр станциялари ишлаб чиқарган энергия миқдоридан 87 баравар кўп.

Оқибатлар ҳақида

Океанларда ҳарорат кўтарилиши оқибатларини башорат қилишга ҳали эрта бўлиши мумкин, лекин олимлар иссиқ ҳарорат таъсирлари муқаррар эканини айтмоқда. Масалан, сув юзасининг исиши кўпроқ буғланишдан ва бу кўпроқ ёғингарчилик бўлишидан дарак беради. Ёғингарчиликнинг шамол йўналишига қараб ўзгариши айрим жойларда кўп ёғингарчиликка сабаб бўлса, айрим ҳудудларда қурғоқчиликка олиб келади.

Шу билан бирга иссиқлик океан сувининг кенгайишига ҳам олиб келади ва натижада Ер юзида сув сатҳи кўтарилади. Ҳозир айнан шу сабаб дунёдаги денгизларнинг 1/3 қисмида сув сатҳи кўтарила бошлаган.

Бундан ташқари, ҳарорат денгиздаги тирикликка ҳам таъсир қилади. Яъни сув қизиб турганда камроқ кислород ушлаб туради ва бу балиқларнинг нафас олишини қийинлаштириши мумкин. Буни Техасда июн бошида минглаб балиқларнинг ўлганидан ҳам билиш мумкин.

Осиё ва Ўзбекистонга қандай таъсири бор?

Айни дамда Осиёнинг турли давлатларида иссиқ ҳарорат бошланган. Июннинг бошида Хитойда +45 даражали ҳароратлар кузатилган. Хитой иқлимшунослари прогнозига кўра, минтақада 2023 йил ёзида +50 даражали иссиқликлар кузатилиши мумкин.

Бундан ташқари Қозоғистон шимоли, Ҳиндистон ва Сибирда ҳам +40 даражали иссиқлар қайд этиляпти.  Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида ҳам +40, Сурхондарёда+45 даража иссиқ кузатилди. Ва бу бевосита Эл Нино ҳодисаси билан боғлиқ.

Эркин Абдулаҳатовнинг тушунтиришича, Ўзбекистонда охирги 8 йилликда Эл Нино ҳодисаси таъсири устун йилларида ёз ойлари иссиқ ўтган. “Жорий йил ҳам ёз ойлари иссиқ бўлиш кутилмалари максимумга яқин. Ҳозирги пайтда бизнинг минтақада ёз ойлари давомли жазирама ва қурғоқчил бўлиш эҳтимоли юқори. Агар, 2016-аналог йилга ишонилса, келаётган қишимиз ҳам илиқ бўлиши мумкин. Албатта, бу узоқ муддатли прогнозлар. Унинг ўзини оқлаш даражаси жуда паст”, – деб ёзади иқлимшунос.

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид