15:48 / 30.06.2023
11959

“Док-1 МАКС”ни ишлаб чиқаришда заҳарли саноат маҳсулотидан фойдаланилган – ОАВ

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилиб, ўтган йили охирида Ўзбекистонда камида 19 боланинг ўлимига сабаб бўлган сиропларни ишлаб чиқаришда ингредиентлардан бирининг фармацевтик версияси эмас, заҳарли саноат версиясидан фойдаланилган. Бу ҳақда Ҳиндистонда давом этаётган терговдан хабардор икки манба маълум қилди.

Фото: REUTERS / Anushree Fadnavis

Ўзбекистонда камида 19 боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган йўталга қарши сиропларнинг ишлаб чиқарувчиси – Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси препаратни тайёрлашда ингредиентлардан бирининг фармацевтик версиясидан эмас, саноатда ишлатиладиган заҳарли версиясидан фойдаланган. Бу ҳақда Reuters агентлиги вазиятдан хабардор икки манбага таяниб хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, Marion Biotech пропиленгликол моддасини Maya Chemtech India номли воситачи компаниядан сотиб олган. Бу компания эса фармацевтикада қўлланадиган материалларни сотиш лицензиясига эга бўлмаган ва фақат саноатда ишлатиладиган моддалар савдоси билан шуғулланган.

“Marion бу моддалардан йўталга қарши сироплар ишлаб чиқармоқчи бўлганини биз билмаганмиз. Бизнинг моддаларимиз нима мақсадда ишлатилишини бизга айтишмаган”, – деган иш тергов қилинаётгани сабаб шахсини очиқлашни истамаган манба.

Reuters'нинг икки суҳбатдоши препаратларни ишлаб чиқаришда пропиленгликолнинг саноат версияси ишлатилганини билдирган. Бу заҳарли моддадан суюқ ювиш воситалари, антифриз маҳсулотлари, бўёқлар, қопламалар ишлаб чиқариш ва пестицидларнинг самарасини оширишда кенг фойдаланилади.

“Marion пропиленгликолнинг тижорий версиясини сотиб олган. Уни эмас, Ҳиндистон Фармацевтика комиссияси тасдиқлаган версиясини олишлари керак эди”, – деган терговда қатнашаётган аноним манбалардан бири.

Унинг қўшимча қилишича, фармкомпания Ўзбекистонга сотган сиропларини ишлаб чиқаришда бу ингредиентдан фойдаланишдан олдин унинг хавфсизлигини текшириб кўрмаган. Ваҳоланки, Ҳиндистон қонунчилигига кўра, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланадиган ингредиентларнинг хавфсизлиги учун жавобгардир.

Maya компанияси ҳозирча жавобгарликка тортилмаган, бироқ тергов давом этяпти. Компания вакили Reuters'га изоҳ беришни истамаган, фақатгина ҳолат фармацевтика соҳасининг федерал расмийлари томонидан тафтиш қилинаётганини айтиш билан чекланган. Шунингдек, Marion компанияси ҳам, Ҳиндистоннинг фармацевтика регулятори ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам агентликнинг сўровларига жавоб бермаган.

Marion Biotech аввалроқ бирор хато-камчиликка йўл қўйганини рад этган эди. Март ойида компаниянинг уч нафар мулозими ҳибсга олинган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Marion Biotech томонидан ишлаб чиқарилиб, Quramax Medical томонидан Ўзбекистонга етказиб келинган “Док-1 МАКС” ва “Амбронол” сиропларининг айрим партиялари таркибидан пропиленгликол моддаси ўрнига ёки у билан бирга заҳарли моддалар – этиленгликол ва диэтиленгликол топилган.

Декабр ойида бу дориларни ичганидан кейин камида 19 нафар бола ҳалок бўлгани ойдинлашганди.

Давлат хавфсизлик хизмати 27 декабрдаги хабарида ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида Qumarax компанияси ва дори воситаларини стандартлаштириш илмий марказининг тўрт нафар мансабдор шахси қамоққа олинганини билдирганди.

Жиноят ишининг кейинги тафсилотлари ҳақида шу пайтгача маълумот берилмади.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова болалар ҳақиқатан ҳам шу дорилардан заҳарлангани исботланса, компенсация тўланишини маълум қилган. “Ҳозир ҳар бир бола тўғрисида текширувлар олиб бориляпти”, – деганди вазир ўринбосари январ ойидаги чиқишида.

Top