«Тиббиётдаги кенг кўламли ислоҳотларимиз, бирламчи бўғинда профилактиканинг кучайтирилиши касалликларни даволаш билан бирга унинг олдини олишга қаратилган препаратларни кўпайтиришни тақозо этмоқда», деди давлат раҳбари.

Шу боис, мутасаддилар олдида бу йил соҳага камида 1 миллиард доллар инвестиция олиб келиш, сифатни ошириш ва хорижий етук фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали ички истеъмолдаги маҳаллий дорилар улушини 2030 йилгача 70 фоизга етказиш, келгуси беш йилда экспортни 1 миллиард долларга олиб чиқиш вазифалари тургани қайд этилди.

Республикадаги 13 мингдан зиёд дорихона томонидан ўтган йили 24 триллион сўмлик дори воситалари сотилган. Бундан ташқари, давлат харидлари орқали йилига 5 триллион сўмлик фармацевтика маҳсулотлари олинмоқда.

Ўзбекистонда 58 та фармацевтика корхонаси 2,5 минг турдаги дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Республика бўйича жами 136 гектар майдонда 5 та фармацевтика зонаси ташкил этилган. Лекин айрим вилоят ҳокимлари, уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари фармацевтика лойиҳаларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.

Мисол учун, 25 гектардаги Жиззах фармзонасида ўтган йили умуман дори ишлаб чиқарилмаган. Ёки Бўстонлиқ фармзонасидаги 14 гектар ер 2017 йилдан бери бўш турибди. Ўтган йили Жиззах ва Самарқандда бирорта ҳам лойиҳа ишга тушмаган бўлса, Бухорода атиги 200 минг, Хоразмда 2 миллион долларлик биттадан лойиҳа бўлган, холос. Ўтган йили республикадаги 96 та корхонанинг айланмаси 312 миллиард сўмга пасайган.

Тадбиркорлар барча ҳудудларда ҳам фармзоналар йўқлиги сабабли, уларга берилган солиқ имтиёзини бошқа корхоналарга ҳам қўллашни сўраган. Президент буни қўллаб-қувватлади ва фармацевтика корхоналари учун янги имкониятларни эълон қилди.

Жорий йил 1 апрелдан бошлаб қаерда жойлашганидан қатъи назар, янги фармацевтика воситалари ишлаб чиқариш, доривор ўсимлик етиштириш ва қайта ишлаш йўналишидаги лойиҳалар бошланганидан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Тадбиркорлар лойиҳа ишга тушгандан бошлаб уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиқларини тўламайди.

Шу билан бирга, биологик фаол қўшимча ва косметика воситалари ишлаб чиқарувчилари ҳам хомашё, ускуна, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар импорти божидан озод қилинади, фармацевтика корхоналарига ўз линиясида биологик фаол қўшимча ишлаб чиқаришга рухсат берилади.

Бундан буён ҳар йили 1 июлгача маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тадбиркорларга эълон қилиб борилади.