Жамият | 08:16 / 02.07.2023
21413
2 дақиқада ўқилади

Журналист-тадқиқотчи Мавлон Шукурзода вафот этди

Таниқли журналист ва ёзувчи Мавлон Шукурзода 69 ёшида вафот этди. У 20 дан ортиқ китоб, жумладан, «Америкалик ўзбеклар», «Пахтакор-79» ва бошқаларни ёзган. Юзлаб мақолалари чоп этилган.

Фото: fb.com/mavlyan.yuldashev

Таниқли журналист-тадқиқотчи ва ёзувчи Мавлон Йўлдошев (Мавлон Шукурзода) 69 ёшида Тошкентда тўсатдан вафот этди.

У 1954 йил 31 майда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент тўқимачилик институтини тамомлаган. Совет даврида у партия тизимида ишлаган. Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлигида кадрлар бўлимига раҳбарлик қилди. «Фидокорлар» партияси аъзоси бўлган.

Мавлон Шукурзода Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси ҳам эди. Сўнгги йилларда у мустақил журналист сифатида ишлаган ва китоблар ёзган. У футболни жуда яхши кўрарди — кўплаб асарларини шу соҳага бағишлаган ва футбол билан боғлиқ тадбирларда фаол иштирок этган.

Турли мавзуларда 20 дан ортиқ китоблар ёзган, жумладан, «Америкалик ўзбеклар», «Ўзбек футболи: кеча, бугун, эртага», «Пахтакор-79» («Пахтакор» жамоаси авиаҳалокатининг 35 йиллигига бағишланган), «Халқ дипломатияси: Ўзбекистон — Бухоро яҳудийлари — АҚШ» (АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан), шунингдек, ўзбек-американ, ўзбек-турк ва ўзбек-озар муносабатлари ҳақидаги китоблар.

У айрим китобларини чоп этишга улгурмади. Бу ишни унинг оиласи бажариш ниятда. Ана шундай китоблардан бири афсонавий «Пахтакор» футболчиси Геннадий Красницкий ҳақида. Ўзбекистон-Туркия муносабатларига бағишланган яна бир китоб ҳам нашрга тайёрланаётган эди.

«Биз ноёб одамни йўқотдик. Сўнгги йилларда у билан деярли ҳар куни боғда эрталаб сайр қилаётиб гаплашардик. У билан деярли ҳар қайси мавзуда гаплашиш мумкин эди», дейди журналист Борис Бабаев «Газета.uz»га.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш