Пригожиннинг муваффақиятсиз исёнига бир ҳафта бўлди. Хулосалар
Ўтган ҳафта охирида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ўзи ва ёлланма аскарлари Россия ҳарбий раҳбариятини лавозимидан четлатиш ниятида «адолат марши» бошлаганини эълон қилганди. Гарчи муваффақиятсиз якунлаган бўлса ҳам, ушбу қуролли исён охир-оқибат нафақат Россияда, балки бутун дунёда ҳафтанинг асосий янгилигига айланди.
Владимир Путин барчага халқ жипслигини исботлашга уринмоқда. Ҳозирча бу ишончсиз чиқяпти
Катта эҳтимол билан, Евгений Пригожиннинг қуролли ҳаракати Россия элитаси учун, биринчи навбатда, Россия президенти Владимир Путин учун кутилмаган сюрприз бўлди. Бу давлат тўнтаришига уринишдан олдин «Вагнер» асосчиси ҳамда мудофаа вазирлиги ва Россия Бош штаби ўртасида бир неча ойлик очиқ зиддиятлар бўлганига қарамай бундай воқеалар ривожини тахмин қилиш қийин эди. Бундан ташқари, Путин бу қарама-қаршиликда бевосита иштирок этди — масалан, аввалига Пригожин «Вагнер»га жанг қилиш учун ёллаган маҳбусларни афв этиш тўғрисида фармонлар имзолади, сўнгра эса ҳарбийлар норозилиги сабаб, қамоқхоналардан бўлажак жангчилар тўплашни мудофаа вазирлигига топширди.
Афтидан, Кремл ёлланма аскарлар ва мунтазам армия ўртасида юзага келган қарама-қаршиликларни ҳал қилишга уринган. 2023 йил июн ойида мудофаа вазирлиги барча кўнгиллилар (жумладан, расман ноқонуний бўлган «Вагнер» ҳам) Россия ҳарбий бошқармалари билан шартнома имзолаши кераклигини эълон қилди. «Вагнер» бундан бош тортди ва Пригожин кейинчалик айнан мана шу қадам шундоқ ҳам қийин вазиятни қайнаш нуқтасига олиб келганини тушунтирди. Пригожиннинг танишларидан бири BBC нашрига исённи бошқа нарсалар қатори тадбиркорнинг Россия президенти эътиборини жалб қилиш истаги сифатида баҳолаш мумкинлигини айтди. Бу амалга ошди, бироқ аниқ Пригожин кутган натижа билан эмас.
24 июн куни Путин сўнгги ойлардаги энг жиддий мурожаат билан чиқишига тўғри келди — мурожаатда у Пригожинни (исмини айтмаса-да) очиқчасига хоин деб атади ва исённинг барча иштирокчилари жазоланишини ваъда қилди. Кечқурун эса Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков президентнинг сўзларига терс ўлароқ, «Вагнер» асосчиси Беларусга «кетиши» мумкинлигини айтди.
Путиннинг ўзи кейинроқ ортга чекиниш қарорини қон тўкилишига йўл қўймаслик истаги билан изоҳлади. Аммо бу қарор Россия президенти учун жуда муҳим бўлган кучли етакчи имижига Россияда ҳам, хорижда ҳам ижобий таъсир ўтказмаслиги аниқ.
Путин олдида яна бир муҳим муаммо турибди — исён пайтида на мамлакат фуқаролари, на Россия армияси исёнчиларни тўхтатиш учун ҳеч нарса қилмади. Ростов-Донда баъзи аҳоли вакиллари исёнчилар билан амалда «дўстлашгани» акс этган кадрлар бутун дунё бўйлаб тарқалди. Жанубий ҳарбий округ штабидаги генераллар у ерда ўзини хўжайин каби тутган Пригожин олдида ҳисобот бергандек таассурот қолдирди.
«Вагнер» асосчиси Москвага юборган колонна деярли ҳеч қандай қаршиликка дуч келмади ва исёнчилар бир неча вертолёт ва стратегик Ил-22 самолётини уриб туширишга муваффақ бўлди. Яъни ўша куни содир бўлган воқеалар Кремл 2022 йилнинг феврал ойидан бери чизиб келаётган ҳукуматни тўлиқ қўллаб-қувватлаш (жумладан, Украинадаги уруш борасида) картинасидан кескин фарқ қилди.
Натижада, Путин сўнгги кунларда халқ ва элита уни қўллаб-қувватлашини кўрсатиш учун ҳамма нарсани қилди. Дастлаб, 26 июнга ўтар кечаси у Кремлда йиғилиш ўтказди ва унга мамлакат қуролли кучларининг бош амалдорларини, жумладан, мудофаа вазири Сергей Шойгуни (Пригожин айнан уни топширишларини талаб қилганди) таклиф қилди. Кейин эса Кремл собори майдонида ҳарбийлар билан учрашди ва фуқаролар урушининг олдини олишга муваффақ бўлгани учун уларга миннатдорчилик билдирди. Путин миннатдорчилик билдирганлар исён тўхтатилишида қандай рол ўйнагани мутлақ ноаниқ: исёнчилар Москва томон 350 километр масофани деярли ҳеч қандай қаршиликсиз босиб ўтди ва фақат Беларус президенти Александр Лукашенконинг аралашувигина уларни тўхтатишга ёрдам берди.
28 июн куни Путин Дарбандга (Доғистон) ташрифи чоғида оломон орасига чиқди ва ҳатто ўзининг севимли найрангини эслади – у шу ерлик қизнинг пешонасидан ўпди. Путин пандемия бошланганидан бери «халқ билан бундай мулоқот» қилмаётганди. Маълумки, Россия президенти ўз соғлиғига ўта эҳтиёткор тарзда ёндашиб, ўтган йиллар давомида ўзи иштирокидаги йиғилишлар аъзоларидан карантинда ўтиришни талаб қилган.
«Бир томондан, мутахассисларнинг қаттиқ тавсиялари бор, бироқ бошқа томондан, президентнинг бу одамлар билан саломлашмасдан кета олмаслик борасида қатъий қарори бор. Бунақаси бўлиб туради», дея Путиннинг одамлар ёнига кутилмаган ташрифини тушунтирган Дмитрий Песков.
Путин Доғистонга сафаридан кейин ҳам янгиликлар лентасида қолди — 29 июн куни у Стратегик ташаббуслар агентлиги форумига келди ва у ерда интерактив доскада расм чизишга ва Россиядаги брендлар муаммоларини тинглашга улгурди (ушбу учрашувда у исён мавзусини эсламади).
Россия президентининг қаттиқ саъй-ҳаракатлари, оммавий фаоллигига қарамай, оддий фактни яшириш қийин бўлади: тартибсизликлар пайтида Россия фуқаролари, агар фуқаролар уруши юз берса, Путинни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини амалда намойиш этмади. Эҳтимол, буни нафақат Россиянинг ўзида, балки бошқа мамлакатларда, жумладан Украина ва Ғарбда ҳам пайқашди.
Бундай вазиятда ҳукумат ҳеч бўлмаганда қандайдир тарзда вазиятни назорат қилиш учун уйдаги мухолифатга қарши курашни кучайтириши кутилади. Лекин бу ҳам Кремл учун потенциал хавф туғдириши мумкин: бундан келиб чиқадики, 2023 йилда ижтимоий тармоқлардаги урушга қарши постлар учун қамоққа тушиш осон, аммо ҳарбий исёнга уриниш ҳеч қандай жиддий оқибатларга олиб келмайди.
Пригожиннинг исёни яна Путинни ўз ёлғонларини тан олишга ҳам мажбур қилди. Йиллар давомида Россия президенти россияликларни ҳам, бошқа давлатлар раҳбарларини ҳам Россия давлатининг Пригожин фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигига ишонтириб келди. Энди эса Путин «Вагнер» фаолиятига миллиардлаб бюджет маблағлари ажратилганини очиқча айтмоқда. Бироқ ҳозирча бундай «ўзини-ўзи ошкор қилиш» президентга унчалик ноқулайлик туғдирмаганга ўхшайди.
«Вагнер»нинг олдинги кўринишидаги тарихи ўз ниҳоясига етди. Пригожин билан нима содир бўлиши номаълум
Исёндан кейинги ҳафта воқеаларидан келиб чиқиб, эҳтиёткор хулоса чиқариш мумкин: кўпчилик билган шаклдаги «Вагнер» тарихи ўз ниҳоясига етгандек. Бу гуруҳ Россия биринчи марта Донбассга бостириб кирган 2014 йилдан бери Россия ҳукумати манфаатлари ва кўмаги остида ҳаракат қилган. Ўшандан бери ёлланма аскарлар Россиянинг бутун дунё бўйлаб, биринчи навбатда Сурия ва Африка мамлакатларидаги операцияларида қатнашишга улгурди.
Россия ҳукумати Украинага кенг миқёсли босқин бошланганидан бери «Вагнер»ни нафақат ҳуқуқий соҳада, балки жамоатчилик онгида ҳам қонунийлаштириш (легализация) ишларини олиб борди. 2022 йил декабрда Москва ёлланма аскарлар фронтдаги операцияларда иштирок этаётганини очиқ тан олишга мажбур бўлди, «Вагнер» командирлари ва жангчилари давлат оммавий ахборот воситаларида пайдо бўла бошлади. 2023 йил март ойида Давлат думаси «кўнгиллилар»ни обрўсизлантиришни тақиқловчи қонунни қабул қилди — бу қонун Пригожин томонидан шахсан илгари сурилди (энди, исёндан кейин депутатлар ушбу тузатишлар билан нима қилишни муҳокама қилмоқда).
Аммо, катта эҳтимол билан, муваффақиятсиз исёндан сўнг, «Вагнер»нинг келажаги сўроқ остида қолди. Владимир Путин ўзининг сўнгги мурожаатларидан бирида ёлланма аскарлар мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаши, уйига қайтиши ёки Пригожин билан бирга Беларусга кетиши мумкинлигини айтди.
Жангчиларнинг катта қисми қайси вариантни танлаши ҳозирча ноаниқ (ҳозир ҳатто уларнинг аксарияти қаерда экани ҳам номаълум). Аммо агар ёлланма аскарларнинг бир қисми Россияда ҳарбий хизматда қолишга қарор қилса, эҳтимол улар аввалгидек мустақилликка эга бўлмайди. Россия мудофаа вазирлиги «Вагнер»да мавжуд бўлган техникаларни ўз тасарруфига олишини аллақачон эълон қилди. BBC мухбири Сара Рейнсфорднинг аниқлашича, исёнга қарамай, ҳозирча «Вагнер»нинг ишонч телефонлари кўнгиллиларни хизматга ёллашда давом этмоқда. Улар кимнинг раҳбарлиги остида ва қаерда жанг қилиши ҳозирча номаълум.
Беларусга борганлар тақдири нима бўлиши ҳам номаълум. Президент Александр Лукашенконинг таъкидлашича, «Вагнер» аъзолари Беларус қуролли кучлари билан «тажриба алмашиш» имкониятига эга бўлади — бу қандай тарзда амал оширилишини фақатгина тахмин қилиш мумкин.
«Владимир Путиннинг ошпази»дан ўзининг шахсий ҳарбий гуруҳини яратишгача йўл босган Евгений Пригожиннинг тақдири ҳам савол остида. Кўринишидан, тадбиркор ҳақиқатан ҳам жиноий жавобгарликдан қочиши мумкин (ҳеч бўлмаганда ҳозирча).
ОАВ тадбиркорга алоқадор бизнес-жетлар Беларус ва Россия ўртасида учаётгани, Пригожинга ўхшаган одам унинг Санкт-Петербургдаги офисида кўрингани (шунингдек, вертолётга ўтиргани) ҳақида хабар бермоқда. Евгений Пригожин аслида қаерда экани номаълум. Пригожин фаолиятини ёритувчи телеграм-каналлар сўнгги кунларда унинг режалари ҳақида хабар бермади.
Яқин кунлар ва ҳафталарда ҳукумат «Вагнер» асосчисининг бизнес империяси — «Конкорд» компанияси, Пригожин билан боғлиқ оммавий ахборот воситалари (РИА ФАН ва бошқалар), машҳур «троллар фабрикаси» ва бошқа активлар билан нима қилмоқчи экани маълум бўлади. Масалан, The Bell нашри маълумотларига кўра, Владимир Путинга яқин тадбиркор Юрий Ковалчук Пригожин васийлик кенгашига раҳбарлик қилувчи «Патриот» медиаҳолдингининг янги эгаси бўлиши мумкин.
Сўнгги кунларда Санкт-Петербургдаги нашрлар Пригожинга боғлиқ биноларда ўтказилаётган тинтувлар ҳақида кўп ёзди: ушбу тинтувлар давомида хавфсизлик кучлари бошқа нарсалар қаторида, миллиардлаб рубл нақд пул топган.
Пригожин бошчилигидаги «Вагнер» шахсий таркиби дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Сурия, Ливия, Судан, Мали, Марказий Африка Республикаси, Мозамбик, Буркина-Фасо, Мадагаскар ва Венесуэлада фаол ҳаракат қилганини унутмаслик керак. Ушбу давлатларнинг кўпчилигида Пригожиннинг бизнес манфаатлари ҳам бор. Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, Кремл «Вагнер» Россия давлати назорати остига ўтаётгани ҳақида маҳаллий ҳукуматларни хабардор қилишни бошлаган.
Ҳозирча Путинга яқин хавфсизлик ходимларига исёнда ғолиб чиққандек. Аммо бошқаларга, масалан, генерал Суровикинга нисбатан саволлар туғилганга ўхшайди
Пригожин исёни муваффақиятсиз якунланганидан сўнг, Россия телеграм-каналларида мамлакат ҳарбий раҳбариятида катта ўзгаришлар бўлгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Потенциал қурбон сифатида Пригожиннинг асосий рақиби, мудофаа вазири Сергей Шойгунинг номи тилга олинаётганди. Ёлланма аскарларнинг Москвага маршидан бир ҳафта ўтиб, бу миш-мишлар ҳақиқатдан йироқ кўринмоқда.
26 июн куни кечки пайт, Владимир Путиннинг мурожаатидан кўп ўтмай, Кремл президентнинг мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбарлари билан суҳбати акс этган кадрларни тарқатди. Сергей Шойгу ҳам ушбу йиғинда иштирок этди. У, шунингдек, Путин россиялик ҳарбийлар билан уюштирган учрашувда ҳам пайдо бўлди — демак истеъфога чиқиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқлиги аниқ. Путинга бундай оммавий яқинлик одатда қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида кўрилади.
Якунланган ҳафта ОАВда Россия гвардияси бошлиғи Виктор Золотовнинг фаоллиги ҳам сезиларли бўлди. У сўнгги ойларда кўпроқ сояда қолаётганди (Путин билан тунги учрашувда у ҳам бор эди). Золотов журналистлар билан Росгвардия жангчилари Москвани қандай ҳимоя қилмоқчи бўлгани ҳақида фаол суҳбатлашди ва гвардия яқин келажакда оғир қуроллар ва танклар олиши ҳақидаги маълумот билан ўртоқлашди. Унинг гапларидан Россия гвардияси ўзининг кичик армиясини яратмоқчи деган хулосага келиш мумкин.
Путин ва хавфсизлик кучларининг фаоллиги кўплаб журналистлар ва экспертларни Кремл яқин ойларда бутунлай эски ва синовдан ўтган, энг муҳими, ҳукуматга содиқ кадрларга таянади, деган хулосага келишга ундаган. Расмий ҳокимият вертикалга кирмаган (яъни Пригожин каби) одамларни фаол қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба эса муваффақиятсиз тугади.
Лекин юзага келган вазиятдан айбдорларни қидирмасдан ўтиб кетиш даргумон. Сўнгги кунларда Россиянинг охирги вақтлардаги энг машҳур ҳарбий раҳбарларидан бири генерал Сергей Суровикин эътибор марказида турибди. Суриядаги гуруҳнинг собиқ командири Суровикин Украинада жанг қилаётган қўшинларга ҳам қисқа муддат раҳбарлик қилганди. Айнан у 2022 йил кузида Херсонни тарк этиш тўғрисида расман «қийин қарор» қабул қилган. Кейинчалик унинг ўрнига Бош штаб раҳбари Герасимов келди, аммо Суровикин унинг ўринбосари бўлиб қолди. Ғарб матбуотида уни «генерал Армагеддон» деб аташади.
Суровикин Пригожин мақтов билан гапирган кам сонли рус ҳарбий раҳбарларидан бири эди. 2023 йил баҳорда тадбиркор генерал «снаряд тақчиллиги» туфайли юзага келган можаро фонида ёлланма аскарлар ва армия ўртасида ўзига хос воситачига айлангани ҳақида хабар берди. Ўшанда Пригожин ҳарбий раҳбариятни Бахмутга ҳужум қилиш учун зарур бўлган ўқ-дориларнинг сунъий етишмовчилигини яратишда айблаганди.
23 июн куни кечқурун, исённинг биринчи кунида, Суровикин Пригожинга исённи тўхтатишни сўраб мурожаат қилди. Ўшандан бери уни ҳеч ким кўрмаган. 28 июн куни кечқурун у ҳибсга олингани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Financial Times газетаси генерал сўроқ учун ушлаб турилгани ҳақида хабар берди. Bloomberg ҳам худди шу ҳақда ёзди ва 30 июнга ўтар кечаси разведка маълумотларига таянган ҳолда New York Times ҳам шу мазмунда хабар чиқарди. «Важные истории» Россия Бош штабига яқин икки манбага таяниб, Суровикин гўёки сўроқ қилингани, аммо кейин қўйиб юборилгани ҳақида хабар берди. Кремл бунга изоҳ беришдан бош тортди.
Суровикинга қарши қандай эътирозлар пайдо бўлгани (ва улар умуман мавжудлиги) номаълум. New York Times ва Wall Street Journal’нинг ёзишича, генерал исёнга тайёргарлик ҳақида олдиндан билган. Financial Times Суровикин исёнга алоқадорликда гумон қилингани учун эмас, балки Пригожин билан илиқ муносабатлари туфайли хавфсизлик кучлари эътиборига тушган бўлиши мумкинлигини ёзган. Шундай ёки бошқача бўлишидан қатъи назар, армияда «тозалаш» бошлангани ҳақида гапиришга ҳали эрта, аммо очиқ исёнга йўл қўйган рус хавфсизлик кучларига эътибор кучайишининг олдини олиш мумкин эмас.
Мавзуга оид
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
09:28 / 21.11.2024