АҚШ ва Россия президентлари Доналд Трамп ва Владимир Путин 29 апрел куни бир ярим соат мобайнида телефон орқали мулоқот қилди.
РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Путин Трампга 9 май куни сулҳ эълон қилишга тайёрлиги ҳақида маълум қилган.
Путин Доналд Трампга яқинда содир этилган суиқасд муносабати билан қўллаб-қувватлаш сўзларини билдирди ва бу жиноятни қоралади, деган Ушаков.
«Доналд Трамп яқинда Россия томонидан эълон қилинган Пасха сулҳини ижобий баҳолади. Шу муносабат билан Владимир Путин америкалик ҳамкасбига Ғалаба кунини нишонлаш даврида ҳам сулҳ эълон қилишга тайёрлигини маълум қилди. Трамп ушбу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлади», – дея Ушаковнинг сўзларини келтирган «Интерфакс».
Аммо бироз ўтиб, Оқ уйда журналистлар билан мулоқот чоғида Трамп сулҳ ғояси ўзидан чиққанини айтди.
«Президент Путин билан узоқ суҳбатлашдим. Мен кичик сулҳ таклиф этдим ва ўйлайманки, у буни қила олади. У шу билан боғлиқ нимадир эълон қилиши мумкин. У ҳали буни эълон қилмадими? Мен ундан қисқа вақтга бўлса ҳам оташкесим эълон қилишни сўрадим... У ерда жуда кўп одам ҳалок бўлмоқда, бу аҳмоқлик», – деган АҚШ президенти.
Ушаковнинг сўзларига кўра, Трамп Путинга Украинадаги низони ҳал қилиш бўйича келишувга жуда оз қолганини айтган. «Бизнинг президент нима бўлганда ҳам махсус ҳарбий амалиётнинг барча мақсадларига эришилишини яна бир бор тасдиқлади», – дея қўшимча қилди Ушаков.
Трамп Путин билан Украина ҳақидаги мулоқоти ҳақида шундай деди: «Биз жуда яхши суҳбат ўтказдик. Биз тез орада бир ечимга келамиз, деб умид қиламан. Менимча, у ечимни кўришни истайди, шундай дейишим мумкин. Ва бу яхши».
Трамп Эрон ва Украинани қандай адаштириб юборди
Матбуот анжумани чоғида Трамп журналистлардан бирининг икки урушдан қайси бири тезроқ тугаши ҳақидаги саволига жавоб берар экан, катта эҳтимол билан, Эрон ва Украинани чалкаштириб юборди.

«Билмайман. Балки вақт чегаралари бир хил бўлар», – дея жавоб қайтарди АҚШ президенти. Ва шундай давом эттирди: «Украина… ҳарбий нуқтайи назардан улар мағлубиятга учрашди. Фейк нашрлар буни сизга айтмайди, аммо ҳарбий нуқтайи назардан… Флот… 159 кема – ва улар барчаси ҳозир сув остида ётибди».













