Ўзбекистон | 07:36 / 05.07.2023
5961
2 дақиқада ўқилади

Миллий гвардиянинг қўриқлаш-патрул хизмати ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг қўриқлаш-патрул хизматини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, юзага келаётган криминоген ва ижтимоий вазиятга тезкор таъсир кўрсатишни таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларига қўшимча куч ва воситаларни жалб этиш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш зарурати юзага келган.

Қарор лойиҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар билан ихтиёрий равишда тузилган шартномаларга асосан белгиланган ҳудудларда Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг қўриқлаш-патрул хизматини ташкил этиш назарда тутилган.

Таъкидланишича, лойиҳа Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасининг қўриқлаш-патрул хизмати фаолиятини ташкил этиш, нарядлар хизматини ташкиллаштириш ва уларнинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини тартибга солади.

Қўриқлаш-патрул хизмати тузилган шартномаларда кўрсатиб ўтилган ҳудудда жамоат тартибини сақлайди, жамоат хавфсизлигини таъминлайди ва шу ҳудудда тегишли объектларни қўриқлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид