Шавкат Мирзиёев МДҲ ва ШҲТ бош котибларини қабул қилди
Ўзбекистон президенти ШҲТнинг Самарқанд ва Деҳли саммитларида эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июл куни Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни кузатиш бўйича миссияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган ШҲТ бош котиби Чжан Минни қабул қилди.
Бош котиб давлатимиз раҳбарини сайлов муваффақиятли ўтказилгани ва унда ишончли ғалаба қозонилгани билан самимий қутлади.
ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Ташкилотнинг 2022-2023 йиллардаги Самарқанд ва Деҳли саммитларида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт, инновация ва юқори технологиялар, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, экология ва «яшил» технологиялар, туризм ва маданият соҳаларида ҳамда ШҲТ доирасида хавфсизликни таъминлаш борасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
ШҲТни модернизация қилиш, Ташкилот тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, кенг минтақамизда ўзаро ишонч ва шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июл куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг кузатувчилар миссияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган ушбу ташкилот бош котиби Сергей Лебедевни қабул қилди.
Учрашув аввалида МДҲ бош котиби давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон Президенти сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, унга бахт-саодат, мамлакатимиз барқарор тараққиёти ва равнақини таъминлаш йўлида муваффақиятлар тилади.
Сайлов халқаро стандартларга тўлиқ мос ҳолда ўтгани қайд этилди.
Сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ҳамда овоз бериш натижалари аҳоли амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини кенг қўллаб-қувватлаётгани ва унга ишонишидан далолат экани алоҳида таъкидланди.
МДҲ доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстликнинг 40 дан зиёд битимларини имзолади, 24 та соҳавий органларига қўшилди. Куни кеча Тошкентда МДҲга аъзо давлатлар сайлов комиссиялари раҳбарлари маслаҳат кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Учрашувда кўп томонлама шерикликни кенгайтиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
15:15 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев Янгиҳаётда барпо этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлди
13:42 / 23.11.2024