Ўзбекистон | 13:02 / 10.07.2023
9111
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Путин, Тўқаев ва Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистоннинг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев 9 июл куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловидаги ғалабаси муносабати билан табриклар қабул қиляпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хусусан, Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Россия етакчиси давлат раҳбарини сайловда қозонилган ишончли ғалаба билан қутлади. Алоҳида таъкидланганидек, овоз бериш натижалари Ўзбекистонда мамлакатни янада жадал ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сиёсати халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор кўрсатди.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Етакчилар ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш суръатини давом эттириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталди. Давлат раҳбарлари ишбилармонлар ва ҳудудлар даражасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди.

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон етакчисини президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан қутлаб, унга янги муваффақиятлар, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни янада илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Ўзбекистон раҳбарини куни кеча мамлакатда бўлиб ўтган муддатидан илгари президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан қутлади.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Мавзуга оид