Ўзбекистон | 15:31 / 16.07.2023
23672
6 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда 3 кун термик депрессия кузатилди. Бу қандай жараён?

Ўзбекистонда 11-13 июл кунлари термик депрессия кузатилди. Шу кунлари иссиқ ҳарорат Қизилқум чўлларида 46 даражагача чиқди. Термик депрессия нима ва ундан қандай ҳимояланиш керак?

Фото: Kun.uz

Термик депрессия ёки Эрон иссиқ ҳаво массалари

Ёзги термик депрессия - тропосферанинг қуйи қисмидаги паст босимли зонада юз берадиган синоптик ҳодиса. Булутсиз иссиқ об-ҳавода рўй берадиган циклонларнинг ҳаракати туфайли келиб чиқади. Бунда ер юзасининг кучли исиши натижасида иссиқ ҳаво тепага кўтарилади. Бу эса ўша минтақада босимнинг пасайишига олиб келади. Ва ҳаво юқори босимли ҳудудлардан паст босимли ҳудудларга томон тўплана бошлайди.

Термик депрессия фанда “Эрон иссиқ ҳаво массалари” ҳам дейилади. Бу ҳаво массалари Марказий Осиёда кузатилган вақт ўртача суткалик ҳаво ҳарорати шу кун учун хос кўп йиллик ўртача ҳароратдан +6 +7 даража юқорилаб кетади.

Бу ҳаво массалари чўл ҳудудларида кундуз куни ҳаво ҳароратининг +43 даражагача, воҳа ҳудудларида эса +40 даражагача кўтарилишига олиб келади. Кечаси ҳам ҳаво ҳароратининг юқорилаши ва табиийки кечқурун ҳаводаги нисбий намликнинг юқорироқ бўлиши, инсонларда кечки ҳарорат таъсирида маълум ноқулайликлар келтириб чиқаради

Бир сўз билан айтганда, термик депрессия бу – паст босимли иссиқ ҳаво оқими. Бунда кечалари ҳам ҳаво ҳарорати минимуми юқори кузатилади. Катта ҳудудларда ҳаво қуруқлашиб, ҳаво қурғоқчилигини оширади.

Термик депрессиянинг яна бир хусусияти унинг фаол босқичида кечга бориб ва кечаси дарахт шохлари ва барглари шамолдан умуман шитирламайди. Ҳатто маҳаллий хусусиятга эга шабада ҳам эсмайди.

Ундан ташқари, бу жараён кузатилган пайт баланд тоғларда ҳам ёмғир ёғмайди.

Ер юзининг қайси ҳудудларида кўпроқ кузатилади?

Термик депрессия Марказий Осиёнинг жанубий-шарқида содир бўлади. Одатда, 2-3 кун, баъзан, бутун табиий синоптик даврга чўзилади. Айрим йилларда ёзги Термик депрессия бир хилда такрорланмайди, аммо қанча тез-тез ва узоқ давом этса, ёз шунча иссиқ келади. Оддий шароитда Марказий Осиёнинг текислик ва тоғолди қисмларида ҳавонинг энг юқори ҳарорати ёзда 35-40° гача кўтарилса, ёзги термал депрессия авжига чиққан пайтларда воҳаларда 43-45° гача, чўлларда 48-50° гача кўтарилади.

Шунингдек, тропик иқлим минтақали ҳудудлар, сув билан ўралган кенг қояли оролларда ҳам термик депрессия жараёнлари кузатилади.

Ҳиндистон яриморолида ҳам мавсумий термик депрессиялар бўлади. Бундан ташқари, бу ҳодиса Сибир, Пиреней яримороли ва АҚШнинг жануби-ғарбий қисмидаги қурғоқчил ҳудудларида ҳам учрайди.

Ўзбекистон ҳудудида термик депрессия

Ўзгидромет хизмати 11 июлдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб термик депрессия бўлгани ҳақида ўз кузатувларини маълум қилди. Унга кўра, 11-13 июл кунлари иссиқ максимал ривожланиш кўрсаткичларига етган. Ҳаво ҳарорати 40-42о гача, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 43-45о гача, Қизилқум чўлининг ғарбида баъзи жойларда 46о гача кўтарилган.

Бу жараён юқори ўркач ривожланиши билан тавсифланди, бу билан Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ тропик ҳавонинг кириб келиши кучайди.

Бу одатда Ўрта Осиёнинг барча ҳудудлари бўйича энг иссиқ об-ҳаво даври билан боғлиқ бўлган синоптик жараён бўлиб, давомийлиги 2-3 кундан 5-7 кунгача ўзгариб туради, айрим йилларда эса 1,5-2 ҳафтагача сақланиб туриши мумкин. Ўзбекистонда кузатилган кучли иссиқ давр узоқ давом этмаган. 14 июлдан республиканинг аксар қисмида ҳарорат пасайишни бошлаган.

Термик депрессиянинг Ўзбекистон ҳудудидаги рекорд даражаси 1983 йилда кузатилган. Ўшанда Бухоро вилоятининг “Оёқоғитма” чўл станциясида ҳаво ҳарорати +49.8 даражага етган. Бу қиймат Ўзбекистон бўйича ҳозирча мутлақ рекорд кўрсаткич деб тан олинган.

Худди ўша йили Навоий вилоятнинг “Машиқудуқ” станциясида ҳам ўта юқори ҳароратлардан бири +49.7 даража қайд этилган. Бу Ўзбекистон бўйича ҳозиргача кузатилган иккинчи энг иссиқ кўрсаткич ҳисобланади.

Термик депрессиядан ҳимояланиш йўллари

 Термик депрессия жараёнидан қандай ҳимояланиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз тавсияларини берган. Қуйида улар билан танишишингиз мумкин.

●     Кўчага чиқаётганда очиқ рангли табиий матолардан тикилган енгил либос кийиш, иссиқдан сақлайдиган бош кийим, кўзойнак ва соябонлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

●     Имкон қадар ёғли, дудланган таомларни истеъмол қилмаслик, тез бузиладиган овқатлардан эҳтиёт бўлиш керак.

●     Танада сув балансини ушлаб туриш учун кунига ўртача 2-3 литр суюқлик (совитилган кўк чой, газсиз минерал сув, қатиқ, мевали ичимликлар, қуритилган меваларнинг қайнатмалари) ичиш тавсия этилади.

●     Газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилиш мумкин эмас.

●     Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.

●     Жазирама пайти қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, жабрланувчида кўнгил айниши, қусиш, бурундан қон кетиши, кўриш қобилиятининг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди. Унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.

●     Аномал иссиқ ҳарорат кузатилган пайтда имкон қадар тўғридан тўғри қуёш нури тушадиган жойда жисмоний меҳнат билан шуғулланмаслик тавсия этилади. Бунинг имкони бўлмаса, қуёшдан ҳимояланиш учун бош кийим кийиш, ора-ора салқин жойда дам олиш мақсадга мувофиқ.

Мавзуга оид