Ўзбекистонда ҳафта ўртасидан яна ёмғирли об-ҳаво кутилмоқда
Ўзбекистон бўйлаб чоршанбагача қуруқ об-ҳаво кузатилади, ҳарорат +24...+29 даражагача кўтарилади. Пайшанбадан бошлаб айрим ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлади.
Дам олиш кунлари кузатилган ёмғирли ва салқин об-ҳаводан сўнг 20-22 май кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича қуруқ об-ҳаво бўлади.
Фақат Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида душанбанинг биринчи ярмида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.
23-24 майда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради.
Ушбу кунларда ҳарорат кўтарилади ва ҳафтанинг ўртасига келиб +24...+29 даража, жанубда +30...+32 даражага етади.
22−23 май кунлари чўл ҳудудларда, 24 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 20−24 май кунлар вақти-вақти билан ёмғир ёғади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши сақланиб туради.
Пойтахтда душанбанинг биринчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат +22...+24 даража бўлади.
21−22 майда ёғингарчилик кутилмайди. 23 майда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат асосан кечалари +14...+17 даража, кундуз кунлари +25...+27 даража бўлади.