Британиялик миллиардер Олег Тинковга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди
Ричард Бренсоннинг сўзларига кўра, Тинков ҳеч қачон олигарх бўлмаган. Бренсоннинг фикрича, Буюк Британия россиялик тадбиркорни санкциялар рўйхатига адашиб киритган.
Британиялик миллиардер Ричард Бренсон Буюк Британия ҳукуматини россиялик тадбиркор Олег Тинковга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилишга чақирди, деб ёзади The Times душанба, 17 июль куни. Virgin Group корпорацияси асосчиси Бренсон Тинковни 20 йилдан бери билишини ва Лондон уни асоссиз равишда санкциялар рўйхатига киритганига ишонишини айтди.
«Мен жаноб Тинковни санкцияларга дучор бўлган россияликлар рўйхатига адашиб кириб қолганига қатъий ишонаман. Гарчи у бадавлат россиялик тадбиркор бўлган бўлса-да, ҳеч қачон «олигарх» бўлмаган. Мен уни доимо динамик ишбилармон сифатида билганман. Шунинг учун унга яқинман, уни қўллаб-қувватладим ва қўллаб-қувватлашда давом этаман», деб ёзади Бренсон Тинковнинг Британия Ташқи ишлар вазирлиги унга нисбатан санкциялар қўллаш қарорига қарши расмий мурожаатига илова қилинган хатида.
Олег Тинков март ойида Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига уни санкциялар рўйхатидан олиб ташлаш учун ариза топширган. Ўшанда Буюк Британияда яшовчи собиқ россиялик олигарх Михаил Ходорковский Тинковни қўллаб-қувватлаш учун мурожаат юборгани хабар қилинди.
Буюк Британия Олег Тинковга қарши санкцияларни 2022 йил 24 мартда –Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бир ой ўтиб жорий қилди. Австралия Британия санкцияларини қўллаб-қувватлади, аммо Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Тинковга қарши жазо чораларини киритмади.
Олег Тинков Украина урушининг бошиданоқ урушга қарши позицияни эгаллади. Тадбиркор 2022 йил октябр ойида Россия фуқаролигидан воз кечган.
Россияда Тинков TCS Group («Тинькофф» банкининг бош компанияси) улушига эга эди, лекин ўтган йилнинг апрель ойида у активни Владимир Потаниннинг «Интеррос» ҳолдингига сотди. Тинковнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати уни ўз улушини «тийинларга» сотишга мажбурлаган. Сотишдан кейин Тинковнинг бойлиги бир неча миллиарддан 860 миллион долларгача камайди, деб ёзади Forbes.
Мавзуга оид
23:30 / 16.02.2024
Россиялик тадбиркор Олег Тинков «чет эл агенти» деб эълон қилинди
12:59 / 21.07.2023
Буюк Британия Олег Тинковга қарши санкцияларни бекор қилди
21:47 / 02.11.2022
«Халқ айбдорми? Албатта» — Олег Тинков уруш, рус бизнесменлари ва Ғарбнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида
09:03 / 02.11.2022