Ўзбекистон | 17:57 / 27.07.2023
8982
5 дақиқада ўқилади

Хусусий университетларга қабул йилига бир марта бўлади. Бу нимани англатади?

Хусусий ОТМга қабул худди давлат ОТМ каби йилига фақат бир марта – июнь-сентябрь ойларида бўлиши белгиланди. Бу хусусий ОТМнинг қабулни ўзлари амалга оширишига оид “Таълим тўғрисида”ги қонун нормасига зид, қолаверса, давлат ОТМга киролмаган абитуриентларнинг танлов имконини чеклаши мумкин. Сабаби давлат ОТМда квота чекланган.

Фото: Kun.uz

Президент фармони билан республикада фаолият юритувчи давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиаллари бакалавриати ва магистратурасига қабул бир ўқув йилида бир марта (июнь — сентябрь ойлари оралиғида) амалга оширилиши белгиланди.

Фармондаги ўзгаришга кўра, зарур ҳолларда, олий таълим ташкилотлари магистратурасига бир ўқув йилида иккинчи марта қабул қилишга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таклифига асосан Давлат комиссияси томонидан рухсат этилганда йўл қўйилади.

Бироқ “Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби ушбу таълим ташкилотлари томонидан белгиланиши керак.

Қонундаги айни мана шу талабнинг бузилиши таълим фаолларининг эътирозига сабаб бўляпти.

Йилига бир неча марталик қабул – кенг тарқалган амалиёт

Таълим бўйича эксперт Комил Жалиловнинг қайд этишича, янги тартибнинг саволли ўринлари кўп.

“Шу пайтгача айрим нодавлат ОТМ ва хорижий ОТМ филиаллари йил давомида бир неча марта қабул эълон қилган. Масалан, Webster университети йилда 3 марта қабул қилиб келган, ТЕАМ университетида ҳам қишки қабул бор эди. Умуман, бу (йил давомида бир неча марта талабаларни қабул қилиш) бутун дунёда кенг тарқалган амалиёт саналади.

Фармон лойиҳасини тайёрлаган ва “тепа”га киритган идора [Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги] мазкур ҳужжатнинг ўзидан юқорироқ юридик кучга эга бўлган ҳужжат — қонунга қай даражада мослигини таҳлил қилганми?” деб ёзади Комил Жалилов.

“Хусусийларга иккинчи вариант сифатида қараш йўқолади”

Таълим соҳасида тадбиркор Бектош Ҳотамов эса бу қарор тўғри бўлгани ҳақида муносабат билдирди. Сабаби “абитуриентлар одатда нодавлат ёки хорижий олийгоҳларни давлатникидан йиқилиб қолса, иккинчи вариант сифатида кўришар эди.

Эндиликда нодавлат ва хорижий олийгоҳларга ҳам бир хилда қарашади”.

Саволли ўринлар

Бектош Ҳотамов янги тартибнинг ижобий тарафини айтишдан ташқари, фармоннинг қачондан амалга киритилиши, унинг “Таълим тўғрисида”ги қонунга зидлиги ҳақида тўхталиб ўтади.

“Президент фармонида муддат кўрсатилмаган, демак у қабул қилинган санадан кучга киради, лекин тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомили мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлгани учун уч ойдан кейин кучга киради.

Бу эса жорий йилнинг 3 октябрь санасига қадар бемалол вақт бор дегани, яъни бу йилги қабулларни 2023 йил 3 октябрь куни (шу куни ҳам) амалга ошириш мумкин”, деб ёзади у.

Вазирликнинг муносабати қандай?

Хусусий ОТМга фақат бир марта қабул бўлишига оид янги нормага билдирилаётган эътирозларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам муносабат билдирди.

Муносабатда айтилишича, бу тартибдаги “қабул бир ўқув йилида бир марта” жумлалари қабул сонига нисбатан эмас, муддатга нисбатан татбиқ этилади.

“Шунга кўра, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари талабалар қабулини июнь – сентябрь ойлари давомида ўтган йиллардаги каби амалга ошириши мумкин, аммо қабул натижалари бўйича талабаликка тавсия этишни 1 октябрга қадар якунлашлари лозим бўлади.

Мазкур тартибнинг белгиланиши олий таълим ташкилотларида муайян ўқув йилида ўқув жараёнини барча гуруҳлар учун бир вақтда бошлаш орқали таълим сифатига бўлган салбий таъсирларни бартараф этишга асос бўлади”, дейилади муносабатда.

Лекин муносабатда аниқ гап ва қўйилаётган саволларга жавоб йўқ.

Танлов имкони пасайяпти

Агар хусусий университетларда ҳам қабул давлат ОТМники билан бир хил муддатда амалга оширилса, унда давлат ОТМдан йиқилган талабаларда бошқа танлов бўлмаслиги аниқ. Сабаби ажратилган квотага қараганда кўпроқ абитуриент ОТМга ҳужжат топширади.

Масалан, бу йилги қабулда 948 минг нафар абитуриент кириш имтиҳонларида қатнашиши белгиланган, лекин ажратилган квота 190 287 мингга яқин. Балли етмаганлар ва давлат ОТМни танлаганлар ўқишга киролмагач, яна қўшни давлатлардаги ОТМга ҳужжат топшириб, бир йилдан кейин “перевод” учун қайта ҳужжат топширишига тўғри келмайдими?

Қабулнинг фақат бир марта қилиб чекланиши ОТМнинг қабул тизимини тартибга олишдек яхши мақсадни кўзлаган бўлса ва бундан таълим сифати яхшиланишига умид қилинаётган бўлса, Олий таълим вазирлиги ва бошқа масъул ташкилотлар нега айнан шу мавзунинг ўзида алоҳида матбуот анжумани ташкил қилмаяпти?

Хусусий ОТМни бошқараётган тадбиркорлар, уларда ўқиётган талабалар, абитуриентлар билан учрашиб саволларга жавоб берилса, турли саволли ўринлар камайган бўларди.

Зилола Ғайбуллаева
Муаллиф Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид