18:24 / 02.08.2023
9104

«Сиёсий фалажлик»: Бир йилдан бери президентсиз яшаётган Ливан энди Марказий банк раҳбарисиз қолди

Ливаннинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги кўплаб муаммоларга яна бир муаммо қўшилди. Европанинг бир қанча давлатларида молиявий жиноятлар содир этганликда айбланиб қидирувга берилган Ливан Марказий банки раҳбари Риёз Саламe 31 июл куни ўз лавозимини тарк этди ва унинг ўрнини ким эгаллаши ҳали ҳам аниқ эмас.

Фото: Getty Images

Ливанлик сиёсатчилар 73 ёшли Саламeнинг ўрнига ким номзод бўлиши борасида келишувга эриша олмади, бу эса ҳали ҳам президентсиз яшаётган ва муваққат ҳукумат фаолият юритаётган мамлакатда яна бир ҳокимият бўшлиғини юзага келтирди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ливаннинг молиявий йўқотишлари 72 миллиард доллардан ошди — бу мамлакатнинг 2021 йилдаги ЯИМидан уч баравар кўпроқ.

Риёз Саламе 30 йиллик фаолиятдан сўнг ўз лавозимини тарк этди. Кўпчилик уни 2019 йилги қулашгача Ливан молия тизимининг асоси деб ҳисоблаган. Шундан кейин Франция, Германия ва Ливаннинг ўзида унга нисбатан коррупция айбловлари пайдо бўлди. У айбдорлигини инкор қилади ва ўзини «гуноҳ эчкиси» (қадимги яҳудий афсонасига кўра, бутун халқ гуноҳлари юкланган эчки) қилишганини таъкидлайди.

Саламе мамлакатдаги иқтисодий инқироз, сўнгра миллий валюта қулаши ва қашшоқлик даражаси тезлик билан ўсиши учун жавобгар бўлган Ливан сиёсий элитасининг асосий фигураларидан бири эди. Ливан банкларининг аксарият омонатчилари бир вақтлар гуллаб-яшнаган банк секторидаги депозитларидан маҳрум бўлди.

Ливан ҳукмрон элитасидаги ҳал қилиб бўлмайдиган можаролар туфайли бир йилдан ортиқ вақтдан бери президентни тайинлаш ва вазирлар маҳкамасини тўлиқ шакллантиришнинг имкони бўлгани йўқ.

Молиявий инқироз 2019-йилдан буён давом этмоқда. Жаҳон банки бу инқирозни замонавий тарихдаги энг оғирларидан бири деб атайди.

Ливандаги энг муҳим давлат лавозимлари мусулмон ёки насроний бўлган 18 та тан олинган диний жамоалар вакилларига тақсимланган.

Бир йилдан ортиқ вақтдан бери Ливанни чекланган ваколатларга эга муваққат ҳукумат бошқармоқда, тўққиз ойдан буён мамлакатда президент йўқ.

Вақтинча бош вазир Нажиб Микати ва парламент спикери Набиҳ Берри бир неча ой Саламенинг ўрнига ўринбосар қидирди ва 30 июл куни улар яна эҳтимолий номзод борасида келишиб олишга уринди.

Ливан қонунчилигига кўра, Саламенинг ўрнини вақтинча унинг биринчи ўринбосари Вассим Мансурий эгаллаши керак.

Мансурий ва яна уч ўринбосар, июн ойида агар зарур ваколатлар берилмасдан туриб, улар бу масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур қилинса, истеъфога чиқиш билан таҳдид қилган эди.

Бироқ, шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» партияси ва унинг иттифоқчиси, ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи насронийларнинг «Эркин ватанпарварлик ҳаракати» бу талабларни рад этиб, муваққат ҳукумат Марказий банкнинг доимий раҳбарини тайинлаш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди.

Натижада, Саламенинг жойи бўш қолмоқда.

Молиявий даҳо

Охирги воқеалар бир пайтлар президентликка номзод деб ҳисобланган инсон тақдирида кескин бурилиш бўлди. Марказий банк раҳбари сифатида Саламе молия тизимининг малакали менежери сифатида шуҳрат қозонганди.

Бу борада у 1975-1990-йиллардаги Ливан фуқаролар уруши даврида қуролли тузилмалар бошлиқлари бўлган ҳукмрон сиёсатчилардан кескин фарқ қиларди, аммо Саламе уларнинг юқори даражадаги қўллаб-қувватловидан фойдаланганди.

Саламенинг Марказий банк раҳбари сифатидаги вазифалари сирасига фуқаролар урушидан кейин Ливан банк секторини тиклаш, вайрон бўлган шаҳарларни қайта тиклашни молиялаштириш, инвестиция жалб этиш ва можаролар натижасида мамлакатни тарк этган миллионлаб ливанликларни ўз ватанига қайтариш кирган.

Бунинг учун Саламе юқори фоиз ставкаларини таклиф қилди, Ливан диаспораси ва бадавлат араблардан депозитлар ва пул ўтказмаларини жалб қилди.

У бошқарган молиявий тизим кўплаб ливанликларнинг мамлакатнинг самарасиз иқтисодиётига мос келмайдиган турмуш даражасини таъминлади.

Омонатчилар юқори фоиз ставкаларидан фойдаланди ва Ливан фунтини Саламе 1997 йилдан то иқтисодий инқирозга қадар сақлаб қолган қатъий белгиланган курс бўйича АҚШ долларига алмаштириш имкониятига эга бўлди.

Саламе раҳбарлигида Ливан молия тизими муносиб турмуш тарзини таъминлаганди. Кейинроқ Жаҳон банки буни молиявий пирамида деб баҳолади. Фото: Getty Images

Саламе Ливан фунти жуда яхши ҳолатда эканига ишонтирган ҳолда, аҳолини хотиржам ушлаб турди. Ливан 2008 йилги глобал молиявий инқирозни нисбатан осонлик билан енгиб ўтди.

Саламе стратегиясидаги биринчи ёриқлар 2011 йилда, пул ўтказмалари ва хорижий инвестициялар оқими секинлашганда пайдо бўлди. Мамлакатдаги мазҳабларга асосланган тизимга қарши норозилик гуруҳлар ўртасидаги шиддатли тўқнашувларга сабаб бўлди, беқарорлик қўшни Суриядаги фуқаролар уруши туфайли янада кучайди. Мамлакат кўрган фойдасидан кўра кўпроқ харажат қила бошлади.

2016 йилда Саламе янги молиявий дастурни ишга туширди, унда банклар валюта захираларини қўллаб-қувватлаш учун доллар депозитлари бўйича ўзига хос юқори даромадлиликни таклиф қилди, аслида бу асосан муаммолар билан курашаётган банкларни қутқариш учун амалга оширилганди. Дастур банкнинг ўз захираларининг камайиши ҳисобига қўллаб-қувватланди ва Жаҳон банки 2022 йил август ойидаги ҳисоботида буни пирамида схемаси деб атади.

Натижада, 2019 йилда Ливан молия тизими қулаб тушди.

2019 йил октябр ойида Саад Ҳаририй ҳукумати қулади. Чет эллик инвесторлар Ливандаги операцияларни секинлаштирди. Банкларнинг омонатчиларга тўлаш учун долларлари тугади ва улар ёпила бошлади. Кўпчилиги ҳозиргача очилгани йўқ.

Байрут портидаги портлаш ва пандемия Ливан молия тизимини бутунлай барбод қилди. У билан бирга Ливан фунти қиймати ҳам бир доллар учун бир ярим мингдан 90 минггача тушиб, жарликка қулади.

Аксарият омонатчилар чет эл валютасидаги омонатларидан айрилди ёки жамғармаларни шунчаки қоғозга айлантирадиган курс бўйича миллий валютада пул маблағларини олишга мажбур бўлди.

Кўпчилик ливанликларнинг банк депозитлари музлатилган. Фото: Getty Images

Қулаш

Охирги икки йил давомида Саламе фаолиятига қизиқиш ортди ва ўғирлик, пул ювиш, фирибгарлик ва ноқонуний бойитиш айбловлари бўйича суд текширувлари ўтказилишига асос бўлди.

Саламе Франция ва Германияда қидирувга берилган, Интерпол уни ҳибсга олиш учун «қизил хабарнома» чиқарган, бироқ Ливан ўз фуқаросини экстрадиция қилмаяпти.

Франция прокуратураси Саламега «жиноят содир этиш учун жиноий тил бириктириш», пул ювишни ташкиллаштириш ва «оғирлаштирувчи ҳолатдаги солиқ фирибгарлиги», Германия эса «биргаликда содир этилган пул ювиш, такрорий ва ўз манфаати асосида пул ювиш» айбловларини қўйган, дея хабар берилган ташкилот сайтида.

2022 йил март ойида Франция, Германия ва Люксембург Саламенинг бойлигини текшириш доирасида 120 миллион еврога тенг активларни хатлади.

2023 йил феврал ойида Ливан ҳам ўз тергови доирасида Саламени талон-торож қилиш, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблади.

Ички тергов Саламе ва унинг акасининг 300 миллион доллардан ортиқ маблағлари ҳаракатини текшираётган Швейцария прокурорининг ёрдам ҳақидаги сўровига жавобан бошланди.

Тергов Марказий банк давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш учун банклардан ундирган комиссия йиғимларни ўрганмоқда. Улардан тушган даромад Саламенинг акаси Ража томонидан бошқариладиган Forry Associates компаниясига йўналтирилган.

Ака-ука Саламелар давлат маблағларини ювиш фактини инкор этади ва ҳеч қандай қонунбузарликни йўл қўймаганини таъкидлайди. «Тўғридан тўғри ҳам, билвосита ҳам Марказий банкдан ҳеч қандай пул Forry компаниясига тушмаган», деган Саламе ўтган ҳафта берган интервюсида.

Саламе шунингдек, Reuters агентлигига унинг адвокатлари Франция ва Германиядаги ордерларга қарши протест берганини айтган.

Бундан ташқари, Ливанда Саламе ва унинг рафиқаси Стефани Салиба ноқонуний бойишда айбланмоқда. Унга, шунингдек, ҳужжатларни қалбакилаштириш, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик айблари ҳам қўйилган.

Ливанда 2019 йилдан буён Саламенинг молиявий сиёсатига қарши намойишлар мунтазам равишда ўтказиб келинади. Фото: Getty Images

Саламенинг тақдири қандай кечиши ҳозирча номаълум.

Агар унга хорижда ҳибсга олиниш хавфи таҳдид қилса, у экстрадиция қилинмаслик учун Ливанда қолади ва судда кураш олиб боради.

Бироқ, Ливан суд тизими қанчалик сиёсийлашганини ҳисобга олиб, бу қандайдир фойда келтиришига жуда кам ливанликлар ишонишади.

Фалажлик

Саламенинг ишдан бўшатилиши мамлакатдаги барча давлат институтларини босқичма-босқич йўқ қилиш жараёнининг навбатдаги босқичидир.

Экспертларнинг таъкидлашича, мамлакат янада фалажланиш ва давлат институтларнинг тобора кўпроқ эрозияси томон кетмоқда. Саламедан кейин навбатда армия қўмондони турибди, унинг ваколатлари ҳам бир неча ойдан кейин тугайди ва Марказий банкнинг собиқ раҳбари билан бўлгани каби, унинг ҳам ўринбосари йўқ.

Ливанлик иқтисодчи ва Халқаро валюта жамғармасининг собиқ маслаҳатчиси Туфик Гаспарнинг фикрича, иқтисодиёт тикланиш мумкин, аммо Ливаннинг муаммоси — бу қарорларни амалга ошириш учун сиёсий ироданинг йўқлигидир.

«Ҳукумат ҳеч нарса қилмаяпти... улар нимадир қилишни хоҳламаяпти», дейди у.

Ливан аста-секин қуламоқда, унинг президенти йўқ, парламент фалаж ва фақат чекланган ваколатлар билан муваққат ҳукумат фаолият кўрсатмоқда. Тез орада Ливан ишлайдиган суд тизими, армия ва банк тизимисиз қолиши мумкин.

«Агар мамлакатда қонуний ҳукумат йўқлигидан манфаат кўраётган сиёсий куч бўлса, бу ҳам Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» партиясидир», дейди кузатувчилар. Мамлакатнинг ҳозирги ҳолати «Ҳизбуллоҳ» фаолияти учун жуда мос келади, чунки банк тизими ва молиявий инқироздан сўнг Ливан асосан қариндошларини таъминлаш учун Ливан диаспорасидан доимий равишда юбориладиган доллар оқими билан қўллаб-қувватланувчи нақд иқтисодиётига эга мамлакатга айланди.

«Ливан банк тизими қулашининг техник тафсилотлари ҳақида баҳслашиш мумкин. Аммо сиёсий фалаж бунда асосий омил бўлди», дейди таҳлилчилар.

1993 йилда Саламенинг Марказий банкдаги биринчи ўринбосари, сўнгра эса иқтисодиёт ва савдо ҳамда саноат вазири бўлиб ишлаган Носир Саидийнинг айтишича, у «сиёсий синфда ислоҳотларга иштиёқ кўрмаяпти».

Top