Ал-Арурийнинг ҳалокатидан кейин дунё яна Яқин Шарқда йирик минтақавий уруш хавфи ҳақида гапира бошлади.
Исроил ҲАМАС тузилмасидаги муҳим шахслардан бирининг йўқ қилинишига алоқадорлигини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади, аммо Ливан ҳукуматидагилар бунинг ортида Исроил махсус хизматлари турганига шубҳа қилмаяпти.
Қатор ҳарбий экспертларга кўра, бундай кўламдаги фигурани фақат профессионаллар тузоққа тушириши мумкин ва ал-Арурийнинг ўлдирилиши ортида ким турганидан қатъи назар, ҲАМАС катта зарар кўрди.
Жиддий йўқотиш
ҲАМАС Солиҳ ал-Арурий қиёфасида асосий ҳарбий стратегларидан бирини йўқотди.
Ал-Арурий 57 ёшда бўлган. ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ўринбосари бўлишдан ташқари, у гуруҳнинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Ал-Қассам бригадаси»га асос солган қўмондонлардан бири эди.
У 2006 йилда кейинроқ ЦАҲАЛ капрали Гилад Шалит эвазига мингдан ортиқ фаластинлик маҳбуслар алмаштирилиши билан якунланган келишувда иштирок этган.
Ал-Арурий Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» билан ҳам яқин алоқаларга эга бўлган.
У ҲАМАСга 1987 йилда қўшилиб, ислом талабалар ҳаракатини бошқарган ва гуруҳнинг Ғарбий соҳилда ҳарбий мавжудлигини таъминлаган.
Ўлимига қадар Ливанда яшаб келаётганди.

У Ғазо сектори ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидаги ҲАМАС тузилмалари ўртасида пул оқимлари ва қурол-яроғларни тақсимлашда фаол иштирок этган.
Унинг раҳбарлиги остида гуруҳ Исроилга қарши кураш олиб боришни кўзлаган Эрон ва эронпараст тузилмалар тармоғига янада яқинлашди.
Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, ал-Арурий амалда ҲАМАСнинг Эрон ва «Ҳизбуллоҳ»даги вакили ҳисобланган.
«У энг юқори даражада сиёсий алоқаларни ўрнатишни биларди ва шу билан бирга дала қўмондони сифатида ҳам катта обрў қозонганди», - дейди Лондондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг минтақавий хавфсизлик бўйича эксперти Эмили Ҳокайм.

















