10:46 / 05.08.2023
4589

Юзлаб россияликлар ва беларусларга Литвага кириш тақиқланди

Литва Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлагани учун Россия ва Беларуснинг 1164 нафар фуқароларига виза ва яшаш учун рухсатнома беришдан бош тортди. Улар республика хавфсизлигига таҳдид сифатида тан олинган.

Фото: Lāsma Artmane | Unsplash

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Литва ҳукумати ушбу урушни қўллаб-қувватлаган 1100 дан ортиқ россиялик ва беларусга миллий визалар ва яшаш рухсатномаларини беришдан бош тортди. Улар Литва хавфсизлигига таҳдид сифатида тан олинган ва мамлакатга кириши тақиқланган. Бу ҳақда 4 август, жума куни Литва миграция департаментида маълум қилинди.

Маҳкама аниқлик киритишича, виза ёки яшаш учун рухсат олиш учун ариза беришда Россия ва Беларуснинг барча вояга етган фуқаролари сўровномани тўлдиришлари шарт, унда бошқа нарсалар қаторида, аризачининг Россиянинг Украинага қарши урушига муносабати ҳақида сўралади. Уларнинг жавоблари, шунингдек, бошқа жамоат ва нодавлат маълумотларига асосланиб, департамент 1164 киши - 910 беларус ва 254 россиялик Литва хавфсизлигига таҳдид солади деган хулосага келди.

Худди шу сабабга кўра, Литва ҳукумати 337 нафар беларусга вақтинчалик яшаш учун рухсатнома беришдан бош тортди ва Беларуснинг яна 121 фуқаросига яшаш учун рухсатномани ўзгартиришдан бош тортди. 205 Беларус фуқаросининг вақтинчалик яшаш учун рухсатномаси бекор қилинди. Беларус икки фуқаросига Литвада доимий яшаш учун рухсатнома бериш рад этилди, тўрт нафарига эса рухсатномаси бекор қилинди.

Бундан ташқари, Литва ҳукумати Россиянинг 52 фуқаросига миллий виза беришдан бош тортди ва 52 нафар россиялик учун доимий яшаш учун рухсатномани бекор қилди. 59 киши учун илгари амал қилган яшаш рухсатномаси бекор қилинди, 43 россияликка Литвада яшаш учун рухсатнома берилмади, яна 46 кишига эса яшаш учун рухсатнома узайтирилмади.

Top