07:47 / 10.08.2023
2904

Жаҳон банки Ўзбекистон озиқ-овқат саноатини ривожлантириш лойиҳаларига маблағ ажратмоқчи

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Agro.uz

Суҳбат давомида Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси кўриб чиқилди.

Ҳозирги пайтда Жаҳон банкининг вазирлик билан амалга оширилаётган 4 та лойиҳаларининг умумий қиймати 1,36 миллиард долларни ташкил этади. Улар «Ўзбекистонда боғдорчилик тармоғини ривожлантириш», «Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш», «Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш», «Орол денгизи ҳавзасида иқлим ўзгаришларига мослашиш ва оқибатларини юмшатиш дастури» лойиҳаларидир.

Мулоқотда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар ечимини топмаган бир қатор масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон томони ижроси секин кечаётган ёки кечикаётган лойиҳаларни тезлаштириш таклифини билдирди. Бу лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир йўналишларнинг ўзида алоҳида ишчи гуруҳи тузилиб, жараёнларни батафсил ўрганилиб, таҳлил қилиниб, уларни тезлаштириш амалга оширилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Марко Мантованелли Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга оид лойиҳалар бўйича ҳам Жаҳон банки томонидан маблағ ажратиш, ҳамкорлик қилиш режалари кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Top