Ўзбекистон | 07:39 / 14.08.2023
3450
2 дақиқада ўқилади

Мисрдан гепатитга қарши дориларнинг навбатдаги туркуми Ўзбекистонга юборилди

Миср ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган С гепатитига қарши дори воситаларининг навбатдаги туркумини мамлакатга юборишга келишилди.

Фото: Дунё АА

Қоҳирадаги элчихона томонидан маълум қилинишича, куни кеча Uzbekistan Airways авиакомпанияси Миср ҳукумати томонидан ажратилган инсонпарварлик кўмагининг ўн учинчи туркумини Шарм-ал-Шайхдан Тошкентга етказиб берди. Жами 80 дона қутида 1280 та дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.

Миср В ва С гепатити вирусларига қарши курашда дунё миқёсида сезиларли муваффақиятларга эришган. Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай фориғ этилган бўлиб, Миср олимлари томонидан яратилган махсус диагностика аппаратлари ва уларнинг тажрибасини ҳам ўзбек мутахассислари билан ўртоқлашишга тайёр.

Мамлакат дипломатия ваколатхонаси хабарига кўра, Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5-8 сентябрь кунлари Қоҳирада ўтказиладиган “Аҳоли, саломатлик ва ривожланиш бўйича глобал конгресс” ишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрулло Иноятовнинг иштирок этишини кутмоқда. Ушбу ташриф доирасида беғараз ёрдамни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш ҳам мўлжалланмоқда.

Мавзуга оид