13:34 / 24.08.2023
29129

ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташланди — Неймар Наманганга, Бензема Олмалиққа келиши мумкин

Криштиану Роналду бошчилигидаги юлдузлардан иборат «Ан Наср» гуруҳ босқичида Ўзбекистоннинг тўрт клубидан бирортасига рақиб бўлмади.

Видеодан кадр

Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Осиё Чемпионлар Лигасида Ғарб минтақасининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди ва унда Ўзбекистоннинг 4 клуби ҳам ўз рақибларини билиб олишди.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» нисбатан осон гуруҳдан ўрин олди. Унинг гуруҳида Саудия Арабистонидан юлдузларсиз «Ал Файҳа» қатнашади.

Ўзбекистон Кубоги соҳиби сифатида ОЧЛга чиққан «Насаф»нинг гуруҳида эса умуман саудлар клуби йўқ, жамоа ўтган йилги рақиби «Ас Садд» билан бу сафар ҳам гуруҳда тўқнаш келди.

ОЧЛга плей-офф ўйинлари орқали йўлланма олган «Навбаҳор» турнир фаворитларидан бири, Саудия Арабистонининг номдор жамоаси «Ал Ҳилол»га рақиб бўлди, бу жамоа шу йил ёзда таркибини кучайтириб, Неймар, Кулибали, Митрович, Савич, Невеш, Малком, Яссин Буну каби футболчиларни ўз сафига қўшиб олган.

Ўзбекистоннинг плей-офф орқали оғир йўлни босиб ўтган яна бир жамоаси, Миржалол Қосимов бошқарувидаги ОКМК эса Саудия Арабистонининг амалдаги чемпиони «Ал Иттиҳод» билан гуруҳдош бўлди. Бу жамоа ҳам ёзги трансферлар ойнасида шов-шувли трансферлар амалга ошириб, Бензема, Канте ва Фабино каби юлдузларни олиб келган.

Саудларнинг яна бир номдор жамоаси, таркибида Роналду, Мане, Талиска, Брозович, Ляпорт каби юлдузлари бор «Ан Наср» клуби эса Тожикистон вакили «Истиқлол» билан бир гуруҳдан жой олди.

А гуруҳи
«Пахтакор» (Ўзбекистон) 
«Ал Файҳа» (Саудия Арабистони) 
«Аҳал» (Туркманистон) 
«Ал Айн» (БАА) 

В гуруҳи
«Ас Садд» (Қатар) 
«Насаф» (Ўзбекистон) 
«Ал Файсали» (Иордания) 
«Шаржа» (БАА) 

С гуруҳи
«Ал Иттиҳод» (Саудия Арабистони) 
«Сипоҳон» (Эрон) 
«Эйр Форс» (Ироқ) 
ОКМК (Ўзбекистон) 

D гуруҳи
«Ал Ҳилол» (Саудия Арабистони) 
«Нассажи Мозандарон» (Эрон) 
«Мумбай Сити» (Ҳиндистон) 
«Навбаҳор» (Ўзбекистон) 

Е гуруҳи
«Персеполис» (Эрон)
«Дуҳайл» (Қатар) 
«Истиқлол» (Тожикистон) 
«Ан Наср» (Саудия Арабистони) 

Маълумот учун, гуруҳ босқичи 6та турдан иборат бўлади ва 18 сентябрда бошланиб, 5 декабрда тугайди.

Top