Ўзбекистон | 15:52 / 26.08.2023
11495
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «КАМАЗ» учун мутахассислар тайёрланиши мумкин

«КАМАЗ» компанияси билан Тошкент давлат транспорт университети, Олмалиқ архитектура-қурилиш техникуми, Самарқанд транспорт техникуми ҳамда Ангрен шаҳар 2-сон касб-ҳунар мактаби ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги делегацияси Россиянинг Татаристон Республикасидаги «КАМАЗ» компанияси ҳамда профессионал таълим муассасалари фаолияти билан танишди.

Қайд қилинишича, делегация аъзолари оғир юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи етакчи завод фаолиятини ўрганиб, у ерда ишлаётган ўзбекистонлик мутахассислар билан учрашган. Танишув давомида заводда турли йўналишларда олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларига эҳтиёж юқори экани ва уларни иш жойига мослашиш учун алоҳида, бепул ўқув ва таништирув курслари йўлга қўйилгани маълум бўлган.

Шунингдек, машинасозлик соҳасидаги кўп функцияли амалий квалификациялар маркази, В.Д.Поташов номидаги Техника коллежи ҳамда Набережний Челни политехника коллежи фаолияти билан танишилди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари «КАМАЗ» компанияси раҳбарияти ва Татаристон Республикаси Таълим вазирлиги вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, педагог кадрлар алмашинувини ва стажировкаларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказди.

Мулоқот якунида, «КАМАЗ» компанияси билан Тошкент давлат транспорт университети, Олмалиқ архитектура-қурилиш техникуми, Самарқанд транспорт техникуми ҳамда Ангрен шаҳар 2-сон касб-ҳунар мактаби ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Мавзуга оид