Жаҳон | 19:27 / 01.09.2023
10279
1 дақиқада ўқилади

Путин ва Эрдўған 4 сентябр куни Сочида учрашади

Музокараларнинг асосий мавзуси ғалла келишувини тиклаш масаласи бўлиши кутилмоқда.

4 сентябр куни Сочида РФ ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида музокаралар ўтказилади. Бу ҳақда журналистларга Россия раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Аввалроқ Bloomberg турклар президенти Россияда Путин билан учрашишни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Агентлик маълумотига кўра, музокараларнинг асосий мавзуларидан бири ғалла келишувини тиклаш масаласи бўлиши керак. 

Эрдўған келишувни «кенгайтирилган» форматда қайта тиклашга кўмаклашиш ниятида эканини билдирганди. Унинг сўзларига кўра, ғарб мамлакатлари келишувни Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик битимлари асосига айлантиришга ёрдам бериши лозим.

РФ ҳукумати ғалла келишувидан 17 июл куни чиққан, бунга келишувнинг Россиядан ўғит экспортини осонлаштириш бўйича қисми бажарилмаётганини сабаб қилиб келтирганди. Шундан сўнг Россия қўшинлари Украина жанубини ўққа тутиб, ғалла келишувида фойдаланилган порт инфратузилмаларини йўқ қилишга киришганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид