Ўзбекистон | 07:26 / 02.09.2023
5968
2 дақиқада ўқилади

Наманган халқаро аэропорти терминалининг биринчи босқич реконструкция ишлари якунланди

Терминалнинг ўтказиш қобилияти 3 бараварга ошиб, энг тиғиз вақтда 300 йўловчига хизмат кўрсата олиш имкониятига эга бўлди.

Фото: Uzbekistan Airports

2023 йил 1 сентябр куни Наманган халқаро аэропорти учиб келиш терминалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Янгиланган терминал Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Екатеринбург — Наманган йўналиши бўйича HY9830 рейсининг дастлабки 171 нафар йўловчисини ҳамда Тошкентдан Наманганга учган Silk Avia US501 рейсининг 63 нафар йўловчисини қабул қилди.

Учиб келиш залида йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг умумий майдони 720 квадрат метрдан 1756 квадрат метргача ошди. Шундан 1365 квадрат метр халқаро рейслар йўловчиларига ва 391 квадрат метр ички рейсларга хизмат кўрсатиш учун.

Шу тариқа, терминалнинг ўтказиш қобилияти 3 бараварга ошиб, энг тиғиз вақтда 300 йўловчига хизмат кўрсата олиш имкониятига эга бўлди.

Реконструкция доирасида учиб келиш терминалига янги багаж ленталари, чегара назорати кабиналари, тежамкор сув иситгичлари, совитиш тизимлари ва ерости иситиш радиаторлари ўрнатилди. Аэропорт терминали устида энергия тежовчи қуёш панеллари бор, улар терминал умумий эҳтиёжининг 30 фоизигача электр энергиясини таъминлайди. 100 та тўхташ жойига мўлжалланган янги автоматлаштирилган автотураргоҳ очилди.

Иккинчи босқич — жўнаб кетиш терминалининг реконструкция ишлари 2023 йил сентябр ойида бошланади.

Мавзуга оид