Ўзбекистон | 23:01 / 05.09.2023
6776
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Сенат раиси Танзила Норбоева Беларус бош вазири Роман Головченко билан, шунингдек, Беларус Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова билан учрашди. 

Фото: senat.uz

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Минскда Беларус Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова билан учрашди. 

Учрашувда Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама мустаҳкамланаётгани, мамлакат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама муносабатлар ўзаро ишонч ва дўстона муҳитда ривожланаётганлиги қайд этилди. Томонлар икки давлат парламент вакиллари МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ва Парламентлараро иттифоқ каби халқаро парламент ташкилотлари доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилишаётганига урғу беришди. 

Икки давлат ўртасида турли соҳаларда эришилган келишувларни парламентлар фаолияти доирасида ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга келишиб олинди.

Олий Мажлис Сенати ва Миллий мажлис Республика Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши муносабатларни янги босқичга олиб чиқишига умид билдирилди. 

Томонлар Беларус Миллий мажлиси Республика Кенгаши ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги, Беларус Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар кенгаши (парламенти) ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳамда «Беларус аёллар иттифоқи» республика жамоат бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзоладилар. 

Шунингдек, Танзила Норбоева Беларус бош вазири Роман Головченко билан ҳам учрашди.

Учрашувда олий даражада ўзаро ишончга асосланган мулоқот йўлга қўйилгани туфайли Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги даражага кўтарилгани таъкидланди. 

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ҳукуматлараро комиссиянинг 10-мажлисини ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Учрашувда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатларига кўмак бериш юзасидан фикр алмашилди. 

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни илгари суришдан, шунингдек, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани алоҳида қайд этилди. 

Мулоқот якунида аёлларни тадбиркорлик ва инновацион фаолиятга, IT соҳага, биотехнологияга фаол жалб этиш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича амалий чора-тадбирларнинг қўшма режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.

Мавзуга оид